Шукроналик саодати
  • 26 Ноябрь 2015

Шукроналик саодати

Паркент туманининг Қорақалпоқ қишлоғидан узатилаётган қизнинг сепида Хониса ая Мирҳамидова тиккан қуроқи кўрпача бўлмаса, ҳисобмас. Нега шундайлигини билмаймиз. “Табаррук онахон кўзининг нурини тўкиб тайёрлайдиган ҳар бир тўшак қаватига бамисоли умр ҳикмати ва саодатини қўшиб қавийди”, дейди қўни-қўшнилар...

Халқимизда “Қари билганни пари билмас”, деган гап бор. Бугун тўқсондан ошиб, юз билан юзлашай, деб турган донишманд момони гапга солсангиз, кўнглингиз ёришади. Шуурингизда бир асрнинг ҳикмати жилва қилгандек бўлади. Шукроналик саодатини туясиз. Айни пайтда инсон иродаси, сабру қаноатидан лол қоласиз.
Дарвоқе, аянинг кенжа набираларидан бири Дилфуза бувисидан эшитган хотира, ривоят ва ҳикматларни бировга билдириб-билдирмай ёзиб юраркан. Ёзув-чизувга қўли анча келишиб қолган қизалоқ бу бебаҳо эсдаликларга “Хониса бувим эртаклари” деб ном берибди.
Келинг, ундан айрим сатрларни ўқиймиз:
“...Қишлоқда лақабсиз одамнинг ўзи йўқ эди. Мирҳомид отамизни ҳамқишлоқлари негадир “Лочин” деб аташарди. Лочин — тоғ қуши. Кўзи жуда ўткир бўлади. Полапонларига ниҳоятда ғамхўрлик қилади. Ҳар бегона шамолдан асрайди, парвозга чоғлайди.
Ота-онамиз анчайин зиёли, маърифатли киши эди. Биз, фарзандлар камоли йўлида ҳеч нимани аямасдилар. Аммо суронли ўттизинчи йилларда кўп қатори отамизнинг “қаноти” қайрилди. Ҳаётнинг кутилмаган қарама-қаршиликлари, зарбаларига дуч келди. Булар, алалоқибат, уни дунёдан бевақт олиб кетди. Кўп ўтмай, қисмат онамизни ҳам бу оламга сиғдирмади. Биз, бир этак бола, ўн беш чоғли жўжабирдек жон, бамисоли, ҳали қаноти чиқмаган “полапонлар” чирқираб қолаверганмиз...”
“Болалик, ўспиринлик йилларимиз уруш даҳшати билан омихта кечди. Акамнинг орзу-умидлари бир олам эди. Кончиликка қизиқарди. Бироқ ҳаёт нафақат унинг, балки қишлоғимиздаги ўнлаб норғул йигитларнинг ҳам ҳаётини бутунлай бошқа ўзанга солиб юборди. Чўғдек умидлар саробга айланди. Уруш орзу нималигини билмайди, уруш гўдак фарёдини эшитмайди, онанинг оҳу ноласини писанд қилмайди, болаларим. Ўшанда ҳар йигитнинг пешонасига ёзилган аччиқ қисмат шу эди. Кимдир йигит бўлиб гўшангага кирмай, кимдир туғилажак фарзандининг дийдорини кўрмай урушга отланди. “Одамнинг боши — тақдирнинг тоши”, деган гаплар ўшандан қолган. Қулоқларимда урушга отланган бир қишлоқ боланинг ортидан нон тишлатиб қолган оналарнинг сўлғин нолалари мангу муҳрланиб қолган: “Урушнинг оти ўчсин, болам!”
“Биласизми, болаларим, умримнинг олис бир нуқталарида қолган бу хотираларни нега кўп эслайман, гапириб юраман? Чунки бугунги тинчлик ва осойишталикнинг нақадар улуғ саодат эканлигини ҳамма билсин, тинч ўтган ҳар бир куннинг шукрини қилсин, дейман-да. Яқинда денг, пойтахтимизда бўлиб ўтган катта бир маросимда Президентимиз айтган гапларни телевизор орқали эшитиб, фахрланиб кетдим. Кўпни кўрган, хўб донишманд одам-да Юртбошимиз. Ҳар бир гапни юракдан ўтказиб, юракка етадиган қилиб айтадилар. Ҳар сўзи халқимизнинг қадду бастини кўтаради, кўксини тоғ қилади. Мана, қаранг. Бизнинг Ўзбекистонимиз дунёнинг энг бахтли мамлакатлари орасида 44-ўринда экан. Билсангиз, бундай ҳаётни кўзга суртса, арзийди. Афсуски, биз ҳадеганда бунга эътибор қилавермаймиз. Тўқликка шўхлик қиладиганлар ҳам йўқ эмас орамизда. Шундайларга айтадиган гапим шу: чироқ қадри зулматда билинади. Ёруғ кунларнинг қадрига етайлик, эртамизнинг бундан-да нурафшон бўлиши учун қайғурайлик. Буни мен, урушни ҳам, очарчиликни ҳам, қаҳатчиликни ҳам кўрган бир нуроний айтаяпман. Ҳали шундай кунлар келадики, Ер юзидаги энг бахтли мамлакатнинг толеи баланд ёшлари “Мана бу иморатни бобом қурган, мана бу дарахтни отам эккан”, деб фахрланиб яшайди...”
“Кеча Рисолатхон билан гурунглашиб қолдик. Дўхтирликка ўқиётган бош набирасини узатишаётганмиш. “Саккизтепкилик” атлас кўтариб келибди. Келаси шанба “пахта солар” экан. “Қизимизнинг бисотида Хониса бувиси тиккан қуроқи кўрпаям бўлсин, айланай. Ният қилиб келдим, икки ёш сизга ўхшаб ували-жували бўлиб юрсин”, дейди. Саҳар туриб, қош қорайгунча битира қолай деб, игнанинг кўзига ипни солсам, биттада ўтса-я! Яйраб кетдим. Тўқсонга чиққанда ҳам кўзимга нур бериб турган бу ёруғ кунлардан айланай...”
Биз бу сатрларни нега келтираяпмиз? Уларда ҳаётнинг жамики аччиқ-чучугини кўрган кайвонининг тоза ва беғубор қалби кўринади. Бинобарин, онахоннинг Дилфузахон бизга тақдим этган эсдаликлар дафтари саҳифаларидан жой олган содда, самимий суҳбатлари, дил сўзлари, ўгит ҳамда насиҳатларининг ҳар бири яшаш тилсимидан, ҳаёт ҳақиқатларидан сўзлайди, зарур ва ўринли хулосалар беради.
Алқисса, Хониса ая Мирҳамидова тўққиз фарзандни ўстириб, вояга етказди. Ўқитди, уйли-жойли қилди. Қўша-қўша келинлар туширди, куёвлар кўрди. Давлатимиз эътибори, меҳр-оқибатли ҳамқишлоқлари ардоғида умргузаронлик қилаяпти. Қишлоқ аҳли жиддийроқ бир ишни бошлашдан олдин Хониса аядан маслаҳат, дуо олади. Бир пайтлар етимлик, очарчилик, яна уруш балоси ҳаётининг жамики лаззатларини тортиб олган навниҳол қизалоққа тақдири азал бугун ўттиз саккиз невара, 61 эвара, 2 чеваранинг пиру бадавлат бувижониси, деган шарафни тақдим этди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn