Ўзбекистон — умумий уйимиз
  • 26 Ноябрь 2015

Ўзбекистон — умумий уйимиз

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон — умумий уйимиз” мавзуида ўтказилган социологик сўров натижалари шуни кўрсатдики, 98 фоиздан зиёд респондентлар юртимизда яшовчи барча миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўлиқ таъминланаётганини қайд этиб, жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътиборга юқори баҳо бердилар.

Бу мамлакатимизда инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг ўзига хос кўзгусидир. Бинобарин, Конституциямизнинг 8-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил қилади.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Республика Байналмилал маданият маркази, ЮНЕСКОнинг МОСТ дастури бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий қўмитаси ва бошқа ҳамкорлар томонидан ўтказилган анжуман миллатлараро муносабатларда бағрикенгликни ривожлантиришнинг услубий асосларига бағишланди.
Дарҳақиқат, миллатлараро, конфессиялараро, маданиятлараро ва тиллараро бағрикенглик — ўзбек халқининг ўзига хос тарихий хусусияти. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бошқа миллатларнинг вакилларига нисбатан кенгфеъллик ўзбекларда шу қадар ривожланганки, уларнинг маданияти ҳамда руҳиятининг ажралмас қисмига айланиб кетган.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари якдил, аҳил бўлиб яшаётгани, ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатлари ҳамда эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратиб берилгани алоҳида эътирофга ҳамда ибратга лойиқ. 140 га яқин миллий маданий марказларнинг самарали фаолият олиб бориши учун ҳар томонлама кўмаклашилаётгани турли миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва миллий қадриятларини ривожлантиришида муҳим ўрин тутмоқда.
— Бағрикенглик давлат ҳамда жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири ҳисобланади, — дейди “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори ўринбосари Озод Ата-Мирзаев. — Айниқса, ҳозир дунёда кузатилаётган таҳликали ва мураккаб бир шароитда унинг аҳамияти, қадр-қиммати тобора ортиб бормоқда. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йили 16 ноябрда бўлиб ўтган 28-сессиясида Бағрикенглик принциплари тўғрисидаги Декларациянинг қабул қилингани ҳамда мазкур сана Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонлаб келинаётгани замирида ҳам дунё халқларини бағрикенгликка, турфа миллат анъаналари ва маданиятларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга, энг азиз неъмат — тинчликни асрашга ундаш мақсадлари мужассам. Қувонарлиси, юртимизда миллатлараро муносабатларнинг шаффофлиги ва барқарорлиги тинч, осойишта ҳаётимизда, барча соҳада қўлга киритилаётган салмоқли ютуқларимизда ўз ифодасини топмоқда.
Тадбирда қатнашган олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари, миллий маданий марказлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn