Атроф-муҳит муҳофазаси — устувор вазифа
  • 26 Ноябрь 2015

Атроф-муҳит муҳофазаси — устувор вазифа

Ўзбекистон экологик ҳаракати табиат муҳофазаси ва унинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш фаолиятини олиб боришда муҳим роль ўйнайди. Бинобарин, у томонидан экологик муаммоларга комплекс ечим топиш йўлида изчил чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинаяпти.

Экоҳаракат фаоллари давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, мамлакат қонунчилигини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш жараёнларида иштирок этиб келаётгани бунинг тасдиғидир.
Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгашининг навбатдаги Пленумида шулар алоҳида таъкидланди. Унда 2015 йилнинг октябрь ойигача бўлган фаолият сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида асосий дастурий йўналишлар бўйича аниқ ва мақсадли тадбирларни бажаришга катта эътибор қаратилди. Хусусан, экологик қонунчиликни такомиллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик таълим-тарбия тизимини яхшилаш, атроф-муҳит муҳофазасига жамоатчилик, айниқса, ёшларни янада кенгроқ жалб этиш бўйича амалий ишлар қилинди. Ўз навбатида, Экоҳаракатнинг юз мингдан зиёд фаоллари ва экспертлар қатнашган мингдан ортиқ таҳлилий тадбирлар ўтказилди.
Шу билан бир қаторда, атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни маромига етказишга алоҳида аҳамият берилди. Экоҳаракат депутатлари бешта, шу жумладан, иккита янги, яъни “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги ва “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш, амалдаги олтита Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга тайёрлаш жараёнида қатнашгани ана шундан далолат беради.
Ҳудудларнинг санитар-эпидемиологик ҳолатини ўрганиш, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқароларнинг ролини ўрганиш, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш масалалари ҳам диққат-эътиборда бўлди. Чунончи, шу йилнинг май ва июнь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва жойларда жамоатчилик назоратини амалга оширишда аҳоли фаоллигини кучайтиришда фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзуида семинарлар ўтказилди.
Пленумда айтиб ўтилганидек, Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан долзарб экологик муаммоларга ечим топишга жамоатчиликни сафарбар этиш мақсадида экологик ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофазалаш соҳасида фаолият кўрсатаётган 250 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари билан доимий алоқалар олиб борилаётир. Ўз навбатида, фуқаролик институти вакиллари фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишидаги дастурий вазифаларни бажаришга жиддий эътибор қаратилди.
Экоҳаракат ва унинг жойлардаги бўлинмалари ишида “Ишонч телефони” фаолияти алоҳида ўрин тутади. Зеро, ушбу тизим асосида фуқаролар ҳамда муассасалардан экологик қонунчилик, санитария-эпидемиологик меъёрлар бузилишига оид хабарлар келиб тушади. Мазкур йўналишдаги жараёнларга табиат муҳофазаси инспекторлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари жалб этилган. Ҳисобот даврида фуқаролардан келиб тушган 350 мурожаатнинг аксариятига ижобий ечим топилган.
Экологик муаммолар чегара билмаслиги инобатга олиниб, Экоҳаракат хорижий ҳамда халқаро экологик ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Хусусан, чет эллик экспертлар иштирокида халқаро конференциялар ўтказилаётир, соҳадаги ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилаяпти.
Йиғилишда ўтган давр мобайнида Ўзбекистон экологик ҳаракати дастурий вазифаларни бажаришда салмоқли ютуқларга эришгани, ташкил қилинган тадбирлар самарали ва сермаҳсул бўлгани эътироф этилди. Ушбу ижобий натижалар билан бирга, қатор ҳудудий бўлинмалар фаолиятида айрим камчиликлар борлигига ҳам тўхталиб ўтилди.
Билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, 2016 йил учун устувор вазифалар белгиланди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn