Ҳар бир фарзанд — меҳр ва эътиборда
  • 19 Ноябрь 2015

Ҳар бир фарзанд — меҳр ва эътиборда

Фарзанд — оила қувончи, насл давомчисидир. Унинг баркамол бўлиб вояга етиши нафақат оила, балки жамиятнинг ҳам бахти ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда болаларнинг соғ-саломат улғайиши ва маънавий камолотга эришишлари учун барча имконият яратилган.

Бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар туфайли ижтимоий кўмакка муҳтож, ногирон, алоҳида парвариш талаб этиладиган ўғил-қизларга ҳам беқиёс меҳр ҳамда ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Бу ҳақда пойтахтимизда бўлиб ўтган Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, юртимизда “Соғлом она — соғлом бола” тамойили асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, баркамол авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар бажарилаяпти. Бунинг самарасида мустақиллик йилларида мамлакатимизда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими 3,2 баробар камайди. “Она ва бола скрининги” дастури амалга оширилиши натижасида туғма нуқсонли болалар туғилиши 2000 йилдан буён 1,8 марта пасайди. Бугунги кунда фарзандларимизнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.
Маълумки, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож болалар ва уларнинг оилаларига маслаҳат ҳамда ҳуқуқий кўмак кўрсатилади. Марказ, шунингдек, бу борада миллий институтлар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Марказда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий сиёсатни амалга оширишдаги фаолиятини идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги қарорига мувофиқ, Жамоатчилик кенгаши тузилган. Унинг бу галги йиғилишида “Болалар ва оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш — давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши”, “SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари: боланинг оилада тарбияланишини таъминлаш ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш бўйича тажриба” каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
— Яхши ният ҳамда эзгу орзу-умидлар билан ўстираётган фарзанди соғ-саломат бўлса, ота-онанинг боши кўкка етади, аммо у ақлий ва руҳий ривожланишдан орқада қолса, дили ўксийди, — дейди Республика болалар ижтимоий мослашув маркази директори Васила Алимова. — Мана шундай тоифадаги болаларни соғлом тенгдошларидан кам бўлмаган ҳолатда тарбиялаш, ижтимоий мослашувини таъминлаш, уларнинг ота-онаси ва яқинларига далда бериш фаолиятимизнинг асосий мақсадидир. Бу борада муассасамизнинг Ахборот-консалтинг хизмати ногирон болаларни ташхислаш, ортопедик, неврологик даволаш, нутқ терапияси ва таълим ишларини амалга ошириш ҳамда болалар ва уларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватлаш йўналишларида фаолият юритади. Марказимизда барча жиҳозлар билан таъминланган махсус педагог, ўйин орқали терапия, сурдолог, логопед, психолог, мусиқа ва эртак терапияси, даволовчи массаж, жисмоний тарбия зали мавжуд. Махсус жиҳозланган сенсорхона эса болалар билан руҳий ва жисмоний машғулотлар олиб боришга мўлжалланган. Мутахассисларимиз ҳар бир боланинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, у билан мунтазам шуғулланишади.
Марказда, шунингдек, ногирон болаларнинг ота-оналарига ҳам руҳий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилаётгани ибратлидир. Айниқса, фарзанди касаллигидан азият чекадиган аёлларга алоҳида эътибор берилмоқда. Айни пайтда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга манзилли ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида марказнинг Фарғона, Самарқанд, Қарши минтақавий филиаллари ҳам фаолият юритмоқда.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn