Ғурур ва ифтихоримиз тимсоли
  • 18 Ноябрь 2015

Ғурур ва ифтихоримиз тимсоли

Давлатимиз рамзлари, хусусан, байроғимиз ҳар биримиз учун муқаддасдир. Чунки у халқимиз тарихи, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган ёрқин тимсолимиз ҳисобланади.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири ана шу буюк ғояга, миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири — катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир”.
Чиндан ҳам, рамз ва тимсолларнинг ҳаётимизда тутган ўрни беқиёс. Ўтмишда ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам. Масалан, юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро қаҳрамонликлари халқимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган. Ватан байроғини жонидан ортиқ асраган улуғ саркардаларимиз ҳаёти ҳам бугунги авлод учун ибрат вазифасини ўтамоқда.
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ давлат рамзларини яратишга киришилди. Хусусан, 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг иккинчи ва учинчи моддаларида байроғимиз Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитети рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилган.
— Байроғимиздаги ҳар бир ранг, белги ўзига хос маъно-мазмунга эга, — дейди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Муқаддасхон Аҳмедова. — У халқимизнинг бой ўтмиши ва маънавий қиёфасини ўзида акс эттирган. Зеро, давлатимиз рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини мужассамлаштирган. Улар бизга элу юрт манфаати барча нарсадан устунлигини англатади. Буни ҳар биримиз ҳамиша ёдда тутишимиз ва унутмаслигимиз лозим. Ушбу муқаддас тимсоллар мамлакатимизнинг буюк келажагига бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди.
Ундаги мовий ранг мусаффо осмон ва обиҳаётни англатади. У яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат, садоқат, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва хотиржамликни билдирса, оқ ранг азалдан поклик ва беғуборликни ифодалаб келган. Яшил ранг яшариш, янгиланиш ва она-табиат тимсолидир. Қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ва давомийлик нишонидир. Янги чиқиб келаётган ой ва ўн икки юлдуз ҳам ўзига хос маънога эга. Маълумки, қадим Шарқда ўн икки рақами мукаммаллик ва комиллик тимсоли сифатида қадрлаб келинган.
Байроғимиз БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи, Президент Девони, Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат биноси, маҳаллий бошқарув идоралари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида ҳилпираб турибди. Шунингдек, турли байрам тантаналари, мамлакатимиз делегациялари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида байроғимиз Ватанимиз шаъни, халқимиз ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Мисол учун, халқаро спорт мусобақаларида ғолиб бўлган спортчилар шарафига байроғимиз баланд кўтарилганини кўрганда, ҳар биримизнинг қалбимизда чексиз севинч ва ифтихор туйғулари жўш уради.
— Касб тақозосидан келиб чиқиб, талаба-ёшларга таълим-тарбия бериш чоғида, турли учрашув ҳамда мулоқотларда ҳам давлат рамзлари моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритиб, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурчимиз эканини тушунтиришга ҳаракат қиламиз, — дейди суҳбатдошимиз. — Негаки, ёшлар қалбида она-Ватан ва истиқлол ғояларига садоқат, давлат рамзларига ҳурмат ҳиссини шакллантириш энг бирламчи вазифаларимиздан, деб биламан. Зеро, бошқа рамзлар сингари байроғимиз ҳам тинч ва осойишта ҳаётимиз, фаровон турмушимиз, порлоқ келажагимиз тимсолидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ноёб ҳунар қадри Спорт ва болалар дунёси »