Ноёб ҳунар қадри
  • 18 Ноябрь 2015

Ноёб ҳунар қадри

Бунёдкорлик — халқимизга хос фазилат. Шу боис аждодларимизнинг бу жабҳадаги илму салоҳияти, бой анъана ва тажрибалари асрлар оша дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.

Қолаверса, кейинги йилларда юртимиздаги ноёб тарихий иншоотларнинг қурилиши ҳамда безакларини ўрганиш, тадқиқ этишга қизиқувчилар сони тобора кўпайиб бораётир. Бу эса уларни асраб-авайлаш, келажак авлодларга бус-бутун ҳолда етказиш борасидаги масъулиятни янада оширади.
Ўз даврининг пухта меъморий ечимлари асосида тикланган осориатиқаларга ҳам вақт ўтиши билан қайта сайқал бериш зарурати туғилади. Ушбу машаққатли юмушни амалга оширишда эса уста, ҳунармандларимизнинг маҳорати, билим ва зеҳни жуда қўл келади.
Ўзбекистон Республикаси халқ устаси Насрулло Соҳибназаров умрини ана шундай эзгу ишларга бахшида этган фидойи инсонлардан бири. У ёғоч ўймакорлиги соҳасида ўзига хос мактаб ярата олди. Айниқса, кўҳна ва навқирон Самарқанд заминидаги тарихий обидаларни таъмирлаш жараёнида фаол иштирок этиб, Регистондаги Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор даҳасидаги Муҳаммад Нодир Девонбеги мадрасалари, Амир Темур мақбараси ҳамда бошқа ёдгорликларнинг қайта чирой ва жозиба касб этишига муносиб ҳисса қўшди. Қолаверса, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Хивадаги мозийдан мерос иншоотлар, Тошкентдаги “Хотира” майдони, “Шаҳидлар хиёбони” кўркига кўрк қўшиб турган нақшинкор дарвозаю устунлар ҳам унинг моҳирона ижоди, бетакрор истеъдоди маҳсулидир.
Устанинг мўъжазгина хонадони Самарқанд туманида жойлашган. 71 ёшни қаршилаган ҳунарманднинг ижодхонасидан шогирдлари қадами узилмайди. Уларнинг сони 50 нафардан зиёд. Аксарияти эса шу ерлик ёшлар. Қўшни вилоятлардан келиб, ҳунар ўрганувчилар ҳам кўп. Қувонарлиси, ўғиллари Саматилло ва Санъатилло ота изидан борди. Қўлигул уста бўлиб камол топишди. Олти нафар набираси эса айни пайтда Насрулло акага издош. Масалан, Амиржон — 21  ёшда. У тўрт ёшидан буён бобосининг ёнида. 19 ёшли Юсуфжон эса етти ёшлигидан нақшлар чизади. Саккиз ёшли Сардоржон ҳам бобосига ҳавас қилиб, ёғоч ўймакорлиги сир-синоатларини бирмунча ўзлаштириб олган.
Дарҳақиқат, миллий анъаналар — халқимизнинг бебаҳо бойлиги. Мустақиллик йилларида уларни асраб-авайлаш йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган даврда қадриятларимизнинг ажралмас қисми саналган халқ амалий санъатига эътибор кучайди. Ҳунармандчиликнинг унутилаёзган кўплаб турлари қайта тикланди. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими шакллантирилди.
— Юртбошимиз таъкидлаганидек, тарихий хотирасиз келажак йўқ, — дейди Насрулло Соҳибназаров. — Шу боис мамлакатимизда истиқлол йилларида моддий ва маданий мерос объектлари давлатимиз муҳофазасига олинди. Уларни таъмирлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Албатта, бундай эътибордан фахрланамиз. Қолаверса, барча соҳа вакиллари қатори ҳунар эгалари ҳам эмин-эркин ишлайдиган давр келди. Шу боис айни дамда ёғоч ўймакорлигининг ноёб қирраларини шогирдларимга ўргатишга ҳаракат қилаяпман.
“Меҳнат қилган элда азиз”, дейди халқимиз. 2002 йилда давлатимиз раҳбари Фармонига асосан “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвони билан тақдирланган, маҳорат ва истеъдоди халқаро миқёсда эътироф этилиб, ЮНЕСКОнинг махсус сертификатини қўлга киритган Насрулло Соҳибназаров айни пайтда ҳам ижодий изланишда. Чунки унинг юраги шижоатга тўла. Зеро, бундай куч-қувват, ғайрат ва илҳом манбаи истиқлолимизнинг бебаҳо инъомларидир.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn