Унда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар олти йўналиш бўйича ўз иқтидорини намойиш этди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг “Камалак” болалар ташкилоти, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган мазкур анъанавий фестиваль истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Жорий йилда ижодий кўрикнинг Навоий вилояти туман ва шаҳар босқичларида 3 минг нафар ўғил-қиз қатнашди. Навбатдаги босқичда эса мумтоз мусиқа, вокал, халқ чолғулари, рақс, тасвирий ҳамда амалий санъат, наср ва назм йўналишларида 480 дан ортиқ ёшлар орасидан 22 нафар иқтидор эгаси саралаб олинди.
— Фестивалда назм ва наср йўналишида иштирок этдим, — дейди Навоий шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Фахриёр Бахтиёров. — Ижодий ишларим кўпчиликка манзур бўлди. Бу эса мени янги-янги марралар сари илҳомлантиради.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.