Аёл иродаси
  • 17 Ноябрь 2015

Аёл иродаси

Юртдошимиз Мастура Остонова марафонча юришда тенгсиз спорт фахрийларидан бири саналади. Яхшироқ тасаввурга эга бўлишингиз учун алоҳида қайд этмоқчимиз: марафонча юриш масофаси роппа-роса 42 километру 195 метрни ташкил этади.

— Жисмоний тарбия факультетида таҳсил олганман, — дея талабалик даврини эслайди Мастура опа. — Устозларимдан бири “Ўқишни тугатгунга қадар биринчи разрядли спортчи нормативини бажарсанг, қандоқ хурсанд бўлардим”, дегани худди кечагидек ёдимда. Спортча юриш билан мунтазам шуғулланиб, ниятимга етдим. Ўн километр масофада яхши натижа қайд этиб, устозимнинг ишончини оқладим. Кейинчалик спорт усталигига номзод бўлдим.
Ҳаёт дарёси бир текис оқмайди. Мастура опа бир муддат хасталикка чалиниб, жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди. Оқибатда узоқ вақт спортдан йироқлашди. Бунинг устига шифокорлар унга энди енгил атлетика билан хайрлашишни тавсия этишди. Шу тариқа у деярли 21 йил юриш йўлагига чиқмади. Аммо ўтган йиллар давомида опа бир нарсасини йўқотган кишидек юрди. Бундай пайтда одам ўзини соғлом деб ҳис қилиши мушкул. Мастура опанинг юрагида “Спортга, албатта, қайтаман” деган ният туғилди. Шундай ҳам бўлди. 2007 йилдан бошлаб худди аввалгидек спортча юриш билан шуғулланишга киришди. Чурра касаллиги билан оғриб, яна енгил атлетикага қайтишга ҳар ким ҳам ботинавермайди. Буни қарангки, инсондаги  қатъият, ирода  ва журъат кўп нарсага қодир экан. Касаллик ҳамда унинг асоратини опахон спорт билан енгиб ўтди. Ўзи эътироф этганидек, ҳаловатни спортдан топди.
— “Бухоро” спорт мажмуасига келиб, таниқли енгил атлетикачи, айни дамда мураббийлик фаолияти билан машғул Амир Гарифуллиндан кўмак сўрадим, — дейди Мастура опа. — Марафонча юриш мақсадида эканимни айтдим. У  ёрдамини аямади. Керакли йўл-йўриқ олдим. Мендан анча ёш бўлишига қарамай, Амирни ҳозир ўзимга устоз, деб биламан.
Ҳафталаб, ойлаб давом этган машғулотлар зое кетмади. Мастура опа узоқ масофага юриш сир-асрорларини ўрганди. Муҳими, ўзига бўлган ишончи ортди. 2012 йилнинг сентябрида хорижда ташкил этилган халқаро марафон қатнашчилари сафидан ўрин олди. Тўғри, бундай йирик турнирда илк бор қатнашаётгани боис уни обдан тиббий кўрикдан ўтказишди. Ўшанда кардиолог шифокор “Ўзбекистонлик бу опамиз 50 километрга юрса ҳам, организми дош беради”, деб турнир ташкилотчиларини хотиржам қилганди.
— 2013 йилги мазкур мусобақада масофани 3 соату 51 дақиқа 18 сонияда босиб ўтдим ва менга халқаро спорт техник комиссияси томонидан спорт устаси унвони берилди, — дейди М. Остонова. — Мана, бир неча йилдирки, халқаро марафон турнирларида мунтазам қатнашиб келаяпман. Жорий йилда ташкил этилган мусобақада 55-59 ёшли фахрий спортчилар ўртасида иккинчи ўринни эгалладим.
Мастура опа спортга ошно тутиниб кам бўлмади. Соғлом, тетик. Ўз ҳаётидан мамнун. Ўғли Жаҳонгир Байракдаров унинг энг яқин ёрдамчиси. Дарвоқе, Жаҳонгир ҳам спортнинг бокс тури билан шуғулланади. Марафонча юриш устасининг қатъияти, шижоати ибратлидир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn