«Эртанги кун бизники, марра бизники!»
  • 17 Ноябрь 2015

«Эртанги кун бизники, марра бизники!»

Пойтахтимизда ана шу шиор остида Ёшлар ҳафталиги бошланди. Бугунги кунда юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади.

Шунинг учун ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама етук — жисмонан соғлом, интеллектуал ривожланган, нафақат кўплаб билимларни, ҳозирги даврда талаб катта бўлган касб-ҳунарларни ҳам эгаллаган, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, юксак салоҳиятли ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам.
Бинобарин, Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда уларда белги-
ланган вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши таълим тизимида туб ўзгаришлар ясади. Ўз навбатида, бундай эзгу саъй-ҳаракатлар туфайли эртамиз эгалари улкан муваффақиятларга эришмоқда.
Бу ҳақда пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бошланган “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остидаги Ёшлар ҳафталигида ҳам алоҳида таъкидланди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагоглар ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси, Бадиий академия, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган ушбу тадбир ёш авлодни жонажон Ватанимизга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятлидир.
Давлат мукофоти совриндорлари, тадқиқотчилар, санъат ва маданият соҳаси намояндалари ҳамда мода йўналишида ижод қилаётганлар, иқтидорли ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашаётган мазкур тадбирнинг очилиш маросимида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раиси
Б. Fаниев ҳамда бошқалар Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ҳар жиҳатдан етук авлодни вояга етказиш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш йўлида ибратли ишлар қилинаётганини таъкидлади.
Мазкур ҳафталик Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурига мувофиқ ўтказилиб, унда ўғил-қизлар турли йўналишларда маҳорат ва иқтидорларини намойиш этишмоқда.
Хусусан, ҳафталикнинг биринчи кунида Мода ва дизайн фестивалининг очилиши бўлиб ўтди. Унинг доирасида нафақат кўргазма, балки миллий либослар ҳамда замонавий модельерлар дефилеси, шунингдек, “Мода: муаммо ва ечим” илмий-амалий анжумани, соҳа вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил қилиниши ҳам кўзда тутилган.
Ёш ҳунармандлар томонидан намойиш этилаётган маҳсулотлар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотаяпти. Айниқса, сопол идишлар, миниатюра асарлари ҳамда бошқа ижод намуналарида тарихимизга оид гўзал манзаралар маҳорат билан акс эттирилган.
Ёшлар ҳафталиги доирасида мамлакатимиздаги олтита олий таълим муассасасининг иқтидорли талабалари ўртасида “Тафаккур синовлари” танловининг якуний босқичи бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагоглар ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси ташаббуси билан “XXI аср — интеллектуал авлод асри” шиори остида ёш олимлар ҳамда талабаларнинг илмий-амалий конференцияси ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Ҳафталикнинг яна бир лойиҳаларидан бири Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш, туман ва шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган “Янги нигоҳ” видеороликлар танлови совриндорларини тақдирлаш маросимидир. Мазкур танловга ҳозиргача турли йўналишлар бўйича 500 дан ортиқ ижодий иш келиб тушган. Fолиблар ҳафталик давомида интернет фойдаланувчилари томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади.
Қисқача айтганда, фестиваль мамлакатимизнинг шижоатли йигит-қизларини янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундаб, истеъдодларини тоблашда муҳим аҳамият касб этиши муқаррар.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Боботоғнинг гўзал боғи Аёл иродаси »