Боботоғнинг гўзал боғи
  • 17 Ноябрь 2015

Боботоғнинг гўзал боғи

Юртимиз замини — битмас-туганмас хазиналар булоғи. Тупроғи — зар. Суви — олтин. Ҳар қарич еридан ризқу насиба унади. Ҳар тошида бир ҳикмат бор. Ҳар гиёҳи минг дардга даво. Шу боис табиат гўзаллиги, унинг энг тотли неъматлари ҳақида сўз кетганда, аввало, Ўзбекистон номи ҳавас билан тилга олинади.

Сурхон воҳасидаги қадим Боботоғ этаклари ҳам ана шундай бетакрор манзиллардан бири. Ушбу заминнинг таърифу тавсифи, мана, асрлар оша достонларда куйланади. Алпомиш от сурган адирлар сифатида тиллардан-тилларга кўчади.
Қаранг, истиқлол шарофати билан ана шу қадим тепаликлар ўрни унумдор ерларга айланди. Ҳозир бу ҳудуднинг тоғу тошлари ҳам элимизга саховат, барака улашмоқда. Албатта, бунда, оз бўлса-да, ҳиссамиз борлигидан қувонамиз, фахрланамиз.
Зеро, мустақиллик бизга эмин-эркин меҳнат қилиб, фаровон ҳаёт кечириш имконини берди. Интилган, изланган инсон асло кам бўлмайдиган юртда, даврда яшаяпмиз бугун. Деҳқон даласида ризқ ундираяпти. Боғу роғлар яратмоқда. Тадбиркорнинг ишбилармонлиги унга даромад, халққа эса наф келтираётир. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги тинчлик-осудалик, инсон қадри улуғланаётганининг самарасидир.
Кексаларимизнинг айтишича, бир пайтлар Боботоғнинг Ёрма, Жийда, Қоплонсой, Сипо, Турпи, Калтақул, Тўнғизўлди деб номланган ҳудудлари қалин пистазорлар билан қопланган экан. Афсуски, мустабид тузум даврида табиатга ўтказилган аёвсиз зуғум туфайли ана шу дарахтзорлардан асар ҳам қолмади.
Ниҳоят истиқлол туфайли  яратувчанлик ишларига кенг йўл очилди. Деҳқоннинг елкасига офтоб тегди. Астойдил меҳнат қилиб, бунинг роҳатини кўрадиган бўлдик. Фермерлик ҳаракати кенг қулоч ёйди. Эл дастурхонига янада файзу барака қўшиш йўлидаги эзгу ташаббуслар қўллаб-қувватланди. Ишбилармон инсонларга қатор имтиёзлар берилди. Ўшанда ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Боботоғ этагидаги 10 гектар майдонда лалми боғ яратишга қарор қилдим. 2000 йилда фермер хўжалигини ташкил этиб, ишга киришдим. Бироқ танлаган ерларимизда тикандан бўлак гиёҳ ўсмасди. Шу боис анча тер тўкишга тўғри келди. Чангалзорлар ўрнига 4 минг тупдан зиёд кўчат экиб, пистазор барпо қилдик. Ниҳолларни елим идишларда кўкартириб, кўклам келиши билан кеч кузда кавлаб қўйилган, ёмғир ва қор сувларига тўйинган ҳандақларга қадаб чиқдик. Ҳар бир кўчат илдиз отиб кетгунича сувни узмадик. Бугун пистазорларимиз шиғил ҳосилга кирган. Қолаверса, равоч, каврак сингари доривор ўсимликларни ҳам ўстираяпмиз. Келгусида эса пистазорлар майдонини янада кенгайтирмоқчимиз.
Яна бир янгилик. Ҳозир боғ яратиш истагидаги тадбиркор ва ишбилармонларни ўз сафимизга чорлаяпмиз. Она табиат биздан мадад кутаётган экан, тиллага тенг вақтимизни ундан аямай, Боботоғни яшнатишга чорлаяпмиз. Зеро, ерга меҳр берган инсон, албатта, меҳр кўради.

Ўрол КОКИЛОВ,
Узун туманидаги «Ўрол Кокилзода» фермер хўжалиги раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn