Фаровонлик йўлидаги бунёдкорлик
  • 14 Ноябрь 2015

Фаровонлик йўлидаги бунёдкорлик

Истиқлолнинг ўтаётган ҳар бир куни ҳаётимизда ёрқин из қолдирмоқда. Мамлакатимизда юз бераётган беқиёс янгиланишлар туфайли асрий орзуларимиз рўёбга чиқаяпти. Зеро, мустақиллик буюк ишларга қодир халқ эканлигимизни англатди. Бунёдкорлик иштиёқи ва шижоати билан яшаш, Ватанимизни янада обод, турмушимизни бундан-да фаровон этиш —  энг улуғвор мақсадимизга айланди.

Буни кейинги йилларда Фарғона вилоятида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, барча жабҳада қўлга киритилаётган юксак муваффақиятлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шу боис Президентимиз ушбу заминга таъриф берар экан, “Фарғона деганда, авваламбор, “Олтин водий” деб ном олган, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонимизнинг гавҳари бўлган гўзал диёр кўз ўнгимизда намоён бўлади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.
Дарҳақиқат, бетакрор табиати, мўътадил иқлими, сўлим боғ-роғлари, дунёга довруғи кетган ноз-неъматлари, меҳнаткаш ва меҳмондўст, содда ҳамда самимий инсонлари билан маълуму машҳур бўлган ушбу замин кейинги йилларда тобора яшнаб, яшариб бораётир. Шаҳару қишлоқларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши баробарида, саноат, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис тармоқлари жадал ривожланаётир. Таълим, тиббиёт, спорт соҳаларида эришилаётган катта ютуқлар ҳам ҳудуд салоҳиятини тобора юксалтираяпти.
Хусусан, Марғилон азалдан уста-ҳунармандлар шаҳри сифатида ном қозонган. Бу ерда истиқлол йилларида хизмат кўрсатиш ҳамда сервис шохобчалари, савдо мажмуалари, маданий-маърифий марказлар, ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари бунёд этилиши билан нафақат ҳудуд қиёфаси, балки шаҳарда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш тарзи ҳам тубдан ўзгарди. Чунончи, Марғилоннинг икки минг йиллик тўйи арафасида шаҳарнинг қадимий бозори янгидан барпо этилди, марказий кўчалари кенгайтирилиб, ён-атрофи ободонлаштирилди. Тарихий обидалар қайта таъмирланиб, зиёратгоҳга айлантирилди. Кейинги йилларда биргина Мустақиллик кўчасида замонавий мезонлар асосида амалга оширилган янгиланишлар тимсолида истиқлол имкониятлари нечоғли юксак эканлигини тўлиқ тасаввур қилишимиз мумкин. Муҳташам иморатлар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаларининг бетакрор меъморий ечими шаҳарсозлик борасидаги ютуқларни яққол намоён этаяпти.
Қўқон шаҳри ҳам давлатимизнинг юксак эътибори туфайли йил сайин чирой очаётган обод манзиллардан бири саналади. Кўримсиз ва пасқам иморатлар ўрнини муҳташам ҳамда кўркам бинолар эгаллади. Жаҳон андозалари даражасидаги йўллар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари қурилди, мавжудлари тубдан таъмирланди.
Бундай ўзгариш ва янгиланишлар Юртбошимизнинг мазкур шаҳарга ташрифи билан бевосита боғлиқ. Негаки, давлатимиз раҳбари Қўқон қиёфасини миллий ва замонавий архитектура анъаналари асосида ўзгартириш ҳамда такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берган эди. Шу асосда 2008 — 2010 йилларга мўлжалланган махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, улар ижроси изчил таъминланди.
Ҳозир мазкур кўҳна ва навқирон кентнинг янги жамолини кўриб, кўз қувонади. Буларнинг барчаси истиқлолимиз шарофати, бунёдкор халқимиз ғайрат-шижоати мевасидир.
2011 йил 15 ноябрь. Айнан мазкур санада Президентимизнинг “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012 — 2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинганди. Мана, шундан буён ўтган даврда Фарғона улкан қурилиш майдонига айланди. Пировардида кенг қамровли бунёдкорлик юмушлари қисқа муддатда ҳаётбахш самараларини берди.
Дастурга мувофиқ, шаҳар бош режасини амалга ошириш учун 2012 йилдан то шу кунгача 922 млрд. сўм сарфланди. Вилоят марказида инфратузилмани тубдан яхшилаш мақсадида 27 километрлик масофадаги ичимлик суви, 15 километрлик электр ва 18 километрлик узунликдаги газ тармоқлари янгидан тортилди. 110 та трансформатор капитал ҳамда жорий таъмирланди, 11 таси юқори қувватлиси билан алмаштирилди. 2 та электр энергияси тарқатиш пункти қурилди. Натижада 40 минг нафардан зиёд аҳолининг ичимлик суви, иссиқлик ва электр энергияси таъминоти яхшиланди.
Яна бир гап. Ўтган қисқа вақт давомида Кичик ҳалқа йўлининг 14,2 километрлик қисмида қурилиш ишларининг биринчи босқичи якунланиши ҳудуд аҳли ва меҳмонларига қўшимча қулайлик яратди. Алишер Навоий ва Ал-Фарғоний шоҳкўчалари, Сайилгоҳ ва Қори Ниёзий кўчаларининг биринчи босқичи ҳамда Қувасой кўчасининг реконструкция ишлари тугалланди. Янгиланишлар жараёнида Қувасой ва Оқариқ кўчаларини бирлаштирувчи янги Эътиқод кўчаси барпо этилди. Ҳозирги кунда Ал-Фарғоний, Қори Ниёзий, Сайилгоҳ кўчаларининг иккинчи босқичи, Соҳибқирон Темур кўчасини Ал-Фарғоний кўчаси билан боғловчи 4,5 километрлик узунликдаги янги йўл қурилиши ишлари жадал давом эттирилаяпти.
Фарғона шаҳри ҳудудидан Марғилонсой оқиб ўтади. Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, мазкур сув ҳавзаси устига 2 та янги кўприк қуриш ва 9 тасини реконструкция қилиш ишлари тўлиқ якунланди.  Сой ўзанини тубдан таъмирлаш, икки қирғоғида пиёдалар йўлакчалари барпо этиш, дам олиш мажмуалари, ёритиш тизимини қуриш ишлари ҳам поёнига етказилди. Бинобарин, вилоят марказида қад ростлаган 20 минг ўринли муҳташам стадион фарғоналик футбол мухлислари учун чинакам туҳфа бўлди. Қолаверса, ушбу спорт мажмуаси атрофини ободонлаштириш мақсадида 9 гектар майдонга 3,5 минг туп ноёб манзарали кўчат ўтқазилди. 
Дарвоқе, шаҳарнинг қоқ марказидаги ёғ-мой заводи ҳам қисқа вақт ичида саноат ҳудудига кўчирилди. Унинг ўрнида 1000 ўринли Театр-концерт саройи қуриб битказилди. Вилоят ҳуснига ҳусн қўшган ушбу муҳташам иншоот бугун Фарғона аҳли ва меҳмонларининг севимли масканига айланган. Қолаверса, санъат кошонаси қад ростлаган 40 гектар майдондаги 4 та мусиқали фаввора, 7500 тупдан ортиқ каштан, эман каби ноёб дарахтлар атрофга салқинлик ва жозиба улашмоқда. Бундан ташқари, Ҳарбийлар шаҳарчаси ҳудудида 34 та кўп қаватли уй қурилиб, улар юзлаб оилаларнинг бахт ошёнига айланди. Мустақиллик шаҳарчаси эса собиқ Фуран бирикмалари заводи ўрнидаги 41 гектар майдонда барпо этилмоқда.
—    Кўз кўриб, дил қувонадиган бундай йирик ҳажмдаги қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари қисқа вақтда амалга оширилишида ҳамюртларимизнинг азму шижоати, бунёдкорлик салоҳияти алоҳида аҳамият касб этмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров. — Хусусан, Президентимизнинг “Фарғона вилоятини ҳар томонлама тараққий эттириш, бу юртни янада обод қилиш, одамларимиз учун муносиб шароит яратиб бериш — бундан буён ҳам давлатимиз, ҳукуматимизнинг эътибор марказида бўлади”, деган сўзлари қалбимизга чексиз ифтихор бағишлаб, хайрли мақсадлар сари қатъият билан интилишга чорлаяпти. Бу, албатта, юксак эътибор ва ғамхўрлик намунасидир. Ана шунга жавобан ҳар биримиз енг шимариб, бунёдкорлик ишларига киришмоқдамиз.
Айтиш жоизки, юртимизнинг шаҳару қишлоқлари меъморий жиҳатдан ўхшаш қиёфага эга бўлса-да, айни чоғда уларнинг ҳар бири кўрку таровати, жуғрофий жойлашуви, иқлими, табиати билан бир-биридан фарқланади. Ана шу омилларни инобатга олиб, вилоят марказида замонавий шаҳарсозликнинг ўзига хос тимсоли яратилмоқда. Фарғонанинг бош кенти қиёфасини тубдан ўзгартириб юбораётган кўркам манзиллар, муҳташам иморату иншоотлар ҳудуд  аҳлининг асрий қадриятлари, бобомерос анъаналари ҳамда ғуруру ифтихорини ўзида мужассам этаяпти. Қувонарлиси, айни кунда бундай беқиёс ўзгариш ҳамда янгиланишларни вилоятнинг барча шаҳару қишлоғида учратиш мумкин. Муҳими, истиқлол берган бахт, тинч ва осойишта, фаровон ҳаёт шукуҳи ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга кириб бориб, дилларни янада чароғон этаётир. Қалблардаги ғайрат-шижоат, бугунги кундан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғулари эса эзгу мақсадлар, юксак марралар сари йўл очмоқда.

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn