Инсон қадри улуғ
  • 07 Ноябрь 2015

Инсон қадри улуғ

Ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, уларнинг хизматига камарбаста бўлиш — халқимизга хос фазилат. Бу эзгу анъана, айниқса, истиқлол йилларида ўзгача мазмун-моҳият касб этди.

Жумладан, жорий йилга мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном берилиши ва шу асосда Давлат дастури қабул қилиниши мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ҳозирги кунда ушбу ҳужжат ижроси доирасида жойларда қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Натижада пиру бадавлат нуронийларимизнинг саломатлигини тиклаш, уй-жой шароитини яхшилаш ва шу орқали уларнинг умрини узайтиришга эришилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли “Жиззах” санаторийсининг ҳам муносиб  ҳиссаси бор.
— Муассасамиз 2003 йилда ташкил этилган, — дейди санаторий бош врачи Зокир Эшмуродов. — 2012 йилда республика инвестицион дастури доирасида 1 миллиард 800 миллион сўм эвазига бунёд этилган қўшимча бинога эга бўлгач, моддий-техника базамиз янада мустаҳкамланди. Натижада бир вақтнинг ўзида 100 нафар фахрий ва ногиронни қабул қилиб, уларга юқори даражадаги тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлдик.
Дарҳақиқат, бугунги кунда “Жиззах” санаторийси мўътабар отахону онахонларимизнинг энг севимли масканларидан бирига айланди. Шу боис бу ерга йил давомида юртимизнинг турли ҳудудларидан кўплаб нуронийлар ташриф буюради.
— Санаторий мутахассисларига раҳмат, — дейди Фориш туманилик 91 ёшли отахон Убайдулло Эгамов. — Уларнинг ширин сўзи, меҳрибонлиги туфайли ҳар гал шу ерда даволаниб чиққанимдан кейин ўзимни анча тетик ҳис этаман. Бизга бепул йўлланма бериб, шундай кўркам сиҳатгоҳда дам олиб, соғлиғимизни мустаҳкамлашга шарт-шароит яратиб берганлардан миннатдормиз. Бу ерда барча қулайлик бор. Масалан, зарурат туғилса, хонадан чиқиб ҳамшира ёки шифокорни қидиришга ҳожат йўқ, шундоқ ёнингиздаги тугмачани боссангиз, уларнинг ўзлари етиб келишади. Инсон қадри улуғланган юртда яшаётганимиздан бахтлимиз.   
— Ҳаётнинг пасту баландини кўрган инсон сифатида бугунги дориламон кунларга шукроналар қиламиз, — дейди Жиззах туманилик  меҳнат фахрийси Эркин Солиев. — Илгарилари одамлар санаторий тугул, ҳатто, бундайроқ дўхтирга ҳам етолмаган. Чунки бунга эътибор ҳам, имконият ҳам бўлмаган. Бугун эса шифокорлар уйимизга келиб, саломатлигимиз билан қизиқишади. Давлатимиз ҳар йили сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар беради. Албатта, буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик-осойишталик ҳамда ёши улуғ инсонларга бўлган  ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Айтиш жоизки, Кексаларни эъзозлаш йилининг ўтган тўққиз ойида “Жиззах” санаторийсида 462 нафар уруш ва меҳнат фахрийсининг саломатлиги мустаҳкамланди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn