Маҳалланинг энг ораста қизлари
  • 02 Ноябрь 2015

Маҳалланинг энг ораста қизлари

Пойтахтимизда “Маҳалланинг энг ораста қизлари” республика анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний”, “Соғлом авлод учун” жамғармалари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ораста қизлар давраси” кўрик-танлови ғолиблари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, ўқитувчилар, шифокор ҳамда маънавият тарғиботчилари қатнашди.
Маълумки, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида мактаб, коллеж ва лицейлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган “Ораста қизлар давраси” тўгараклари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, қизларга миллий анъана ва қадриятларимиз мазмун-моҳиятини тушунтириш, нуронийларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш, эъзозлаш муҳим вазифа сифатида белгилаб берилган. Айни чоғда уларнинг онги ҳамда қалбини турли ғоявий таҳдидлар, миллий менталитетимизга ёт ва зарарли таъсирлардан ишончли ҳимоялаш ҳам кўзда тутилган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2015 йилнинг июнь ойида “Ораста қизлар давраси” кўрик-танловининг туман (шаҳар), сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари ўтказилди. Уларда 250 мингдан ортиқ қиз қатнашди. Ҳар қайси тумандан бир нафардан энг фаол қиз “Маҳалланинг энг ораста қизлари” республика анжуманига саралаб олинди. “Кексаларни эъзозлаш — улуғ қадрият” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда иштирокчилар 14 жамоага бўлинган ҳолда ўз билимларини синовдан ўтказдилар.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Ф. МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn