Қўшма лойиҳа доирасида
  • 29 Октябрь 2015

Қўшма лойиҳа доирасида

Тошкент шаҳрида энергия самарадорлигини ошириш бўйича фаолият юритаётган давлат идоралари, илмий тадқиқот муассасалари мутахассисларининг энергия аудити соҳасидаги салоҳиятини юксалтириш масаласига бағишланган тренинг иш бошлади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Таъкидландики, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, саноат корхоналарида тежамкор технологияларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу нафақат юқори сифатли саноат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажмини кўпайтириш, балки сарф-харажатларни камайтириш имконини бераяпти. 2012 йилдан бошлаб рўёбга чиқарилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси натижалари бунга яққол мисол бўла олади.
Дарҳақиқат, бу лойиҳага мувофиқ, республикамиз саноат корхоналарида энергияни тежаш технологияларини жорий этиш бўйича 76 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаяпти. Халқаро тараққиёт уюшмаси кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган ушбу лойиҳалар туфайли йилига 547 млн. кВт/с электр энергияси ҳамда 214 млн. куб метр табиий газ иқтисод қилинаётгани эътиборга лойиқдир.
Қувонарлиси, юртимизда бу йўналишдаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Президентимизнинг 2015 йил 5 майдаги “2015 — 2019 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий қилиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.
Тренингдан кўзланган мақсад эса давлат хизматчиларининг энергия самарадорлиги,  энергия менежменти ва аудити соҳасидаги билим ҳамда тажрибаларини оширишдан иборат. Шу боис унга Молия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, “Ўздав-энергоназорат”, “Ўздавнефтгазинспекция”, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекциялари, ЎзР ФА,  “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзэлтехсаноат” компанияларининг мутахассислари қамраб олинди.
Машғулотлар  соҳада бой тажрибага эга бўлган халқаро экспертлар томонидан олиб борилаётгани, айниқса, унинг қизғин руҳда ўтишини таъминлаяпти. Хусусан, ўқув ва амалиёт машғулотларининг биринчи кунида энергияни тежаш бўйича қабул қилинган давлат дастурларининг асосий жиҳатлари, энергия ресурсларини бошқаришда халқаро тажриба юзасидан маърузалар тингланди. Қиёсий таҳлилларга кўра, бу борада Ўзбекистонда  ибратли ишлар олиб борилаётгани эътироф қилинди.
Тадбир иштирокчилари беш кун давомида энергия самарадорлигини оширишга дастурий ёндашув, энергия аудити ва менежменти тизими, энергия истеъмоли таҳлили ҳамда мониторинги, саноатда энергия самарадорлигини оширишнинг экологик жиҳатлари каби долзарб мавзулардаги маърузаларни тинглаб, ўзаро тажриба алмашадилар.


С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Буюртмачилар талабларига мос Ҳаёт завқи »