Меҳнатнинг роҳати
  • 29 Октябрь 2015

Меҳнатнинг роҳати

Кексаларимиз дуога қўл очганида, авваламбор, юртимиз тинч, ризқу насибамиз бутун бўлсин, деб дуо қиладилар. Бугун биз, фермерлар эришаётган муваффақиятлар ана шу дуоларнинг ижобати, десак, асло янглишмаймиз.

Собиқ тузум даврида эртаю кеч ишлаб, уйига бир қоп буғдой келтиришдан ҳадиксираган деҳқон бугун тонналаб буғдойни ўз омборига тўкмоқда. Ўзи етиштирган ғалладан сифатли нон пишириб, халқимизга тортиқ қилаётган ишбилармонлар сафи эса кун сайин кенгайиб бораяпти. Мана, бизнинг фермер хўжалигимиздан қиёс: жорий йилда ғаллазорларнинг ҳар гектаридан 60 центнердан дон ўриб-янчиб олдик. Пировардида 2070 тонна ҳосилни давлатга сотган бўлсак, қолган қисмини ишчи-ходимларимизга тарқатдик.
Режадан ошиқча етиштирилган дон учун олинган даромад ҳисобига хўжалигимиз учун зарур техникаларни харид қилаяпмиз. Келгусида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш ниятидамиз.
Пахтачиликдаги натижаларимиз ҳам чакки эмас. ўўзанинг “Султон” навини парваришлаб, 1250 тоннадан зиёд юқори сифатли пахта йиғиштириб олдик. 
Бизнинг хўжалигимиз фермерлик ҳаракатининг қалдирғочларидан бири ҳисобланади. Дастлаб банк томонидан ажратилган кредит эвазига 40 бош қорамол сотиб олиб, иш фаолиятимизни бошлаган бўлсак, бугунги кунга келиб, ихтиёримиздаги қўй-эчкилар сони 450 бош, қорамоллар сони эса 200 бошдан ошди. Техника паркимизда барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари мавжуд.
Даромадимизга яраша турмуш шароитимиз ҳам кундан-кун яхшиланиб бораяпти. Масалан, хўжалигимизда меҳнат қилаётган ёш оилаларнинг барчаси замонавий уй-жойга эга бўлса, юз кишилик жамоамиз аъзоларининг ҳар бири бугунги кунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ. Демоқчиманки, истиқлол бизга мулкдор бўлиш, ҳалол меҳнатимизнинг роҳатини кўриш имконини берди.
Президентимизнинг мамлакатимиз деҳқонлари ва фермерлари, барча меҳнаткашларига йўллаган табрикномасида алоҳида таъкидланганидек, “Бугунги кунда ер ўзининг ҳақиқий эгасини топиб, фермерлик ҳаракати қишлоқларимиз тараққиётида ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётгани, далада ишлайдиган ҳар бир одамда ўз меҳнатидан манфаатдорлик ҳиссиёти кучайиб, уларнинг келажакка ишончи янада мустаҳкам бўлиб бораётгани — буларнинг барчаси нафақат қишлоқ хўжалигини, балки бутун ҳаётимизни тубдан ўзгартирмоқда”.
Ана шу руҳда бундан кейин ҳам янгидан-янги марралар сари интилаверамиз.


Санжар БЕРДИЕВ,
Термиз туманидаги
«Сурхон сарвари»
фермер хўжалиги раҳбари.a

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn