Мавсум масъулияти
  • 29 Октябрь 2015

Мавсум масъулияти

Айни кунларда жойларда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тураржойларни куз-қиш даврига пухта тайёрлаш юмушлари ниҳоясига етмоқда. Бино ва иншоотлар мавсумга шай ҳолатга келтирилиб, юртдошларимизни ёғин-сочинли кунларда табиий газ, электр энергияси ҳамда иссиқлик манбаи билан узлуксиз равишда таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилаётир. Бу борада Наманган шаҳрида олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга лойиқ.

Маълумки, қиш мавсумига ҳозирлик жараёни, айниқса, коммунал соҳа ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Ана шу талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, тизимнинг асосий бўғинларидан бири — “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш бошқармаси бу борадаги юмушларни анча эрта бошлаб, белгиланган вазифаларни бажаришга эришди. Жумладан, истеъмолчиларга иссиқлик қуввати узатиш тармоқларининг 2 километрдан зиёд қисми мукаммал, 24 та қозонхонанинг 20 таси жорий таъмирдан чиқарилди. Жумладан, 400 миллион сўм маблағ эвазига “Дўстлик-1” қозонхонаси соз ҳолатга келтирилгач, тўла қувват билан ишлай бошлади. 
Шунингдек, шаҳардаги 458 та кўп қаватли уйни мавсумга тайёрлаш тадбирлари ҳам жадал бажарилмоқда. Асосий куч ва маблағ, аввало, ўтган йили иссиқлик узатишда қийинчиликлар  юзага келган ҳудудларга йўналтирилди. Малакали мутахассислардан ташкил топган махсус гуруҳ қувурлар ва бошқа зарур воситаларни янгилаб чиқди. Бундан ташқари,  22 та бинонинг том қисми мукаммал, 191 тасиники жорий таъмирдан чиқарилган бўлса, 223 та тураржойнинг ертўла қисми мавсумга шай қилиб қўйилди. 
Тайёргарлик ишларининг ўз вақтида амалга оширилишида мазкур биноларда истиқомат қилаётган хонадон соҳибларини ўз атрофига уюштирган уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳам фаоллик кўрсатди. Чунончи, иншоотларнинг кириш йўлакларини таъмирдан чиқариш, темир эшикларни янгилаш, электр тизимини қаровдан ўтказишни, асосан, ширкатлар ўз зиммасига олди. Аниқроқ айтганда, кўп қаватли уй-жой фондини мавсумга тахт қилиб қўйиш учун мулкдорларнинг 2,7 миллиард сўмдан зиёд маблағи сарфланди.
— Тасарруфимиздаги 44 хонадондан иборат кўп қаватли уйни куз-қиш даврига биринчилар қаторида ҳозирладик, — дейди “Илғор барака келажак” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Галина Дригайло. — Бунда ўз маблағимиздан ташқари, банкдан олинган 10 миллион сўмликдан зиёд кредит қўл келди. Ушбу сармоядан унумли фойдаланилиб, бино ертўласидаги элеватор янгиланди, канализация қувурлари алмаштирилди. Уйнинг том қисми замонавий турдаги томёпқич — полизол билан қопланди. У илгари қўллаб келинган рубероиддан афзал бўлиб, иссиқликни ишончли асрайди, қуёш нурини ўзига тортиши ҳисобига қўшимча ҳароратни юзага келтиради.
Вилоят марказидаги ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги масаласи ҳам шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг доимий назоратида. Мазкур йўналишдаги тадбирларни тезкорлик билан ташкил этиш мақсадида ишлаб -чиқилган режага мувофиқ, асосан, 21 соғлиқни сақлаш, 124 та халқ таълими муассасаси, 21 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, шунингдек, бошқа турдаги 17 та объектда кўзда тутилган вазифалар куз фасли бошлангунига қадар тўлиқ якунланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 июлдаги  2015/2016 йилларда республиканинг иқтисодий тармоқлари ва ижтимоий соҳасини куз-қиш даврида ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирларига доир қарорида иссиқлик таъминоти узлуксизлигига эришишда устувор аҳамият касб этувчи газ хўжалиги зиммасига масъулиятли вазифа юкланган. Шундан келиб чиқиб, “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Наманган шаҳар филиали мавсумолди юмушларга ҳар қачонгидан барвақт киришди. Ҳозирги пайтгача 1092 та газ тақсимлаш қурилмаси профилактик кўрикдан ўтказилиб, 600 метр тармоқ мукаммал таъмирланди, 4,7 километри реконструкция қилинди. 89,2 километр узунликдаги қувурлар эса юқори босим остида синовдан ўтказилиб, ҳаво ёрдамида тозаланди.
— Мутахассисларимиз истеъмолчилар талабини тўлароқ қондириш мақсадида мавжуд газ тармоқлари ва қурилмаларини хатловдан ўтказишди, — дейди филиал бош муҳандиси Жаҳонгир Абдуллаев. — Натижада бир қатор ҳудудларда аниқланган камчилик ҳамда носозликлар бартараф қилинди. Мисол учун, 38329 хонадонни табиий газ билан таъминловчи “Наманган” автомат газ тақсимлаш станциясининг асосий тармоғида амалга оширилган ана шундай тадбирдан сўнг бу ерда чиқиш босими кўзда тутилган меъёрга етказилди. Пировардида Чаманзор, Ишонч, Атанган гузар, Истиқбол ва унга туташ бўлган қатор маҳаллаларда таъминот яхшиланди.
Шуни таъкидлаш керакки, шаҳардаги 25 мингдан зиёд хонадон асосий тармоқдан узоқда бўлганлиги боис уларга табиий газ етказиб бериш имконияти бирмунча чекланган. Ушбу масалани ижобий ҳал этиш мақсадида мазкур тураржойларни жадвал асосида суюлтирилган ёнилғи билан таъминлаш йўлга қўйилди. Бунинг учун 8 та махсус автомашина жалб қилиниб, сентябрь ойининг ўзида юқоридаги хонадонларга 142 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Ана шу саъй-ҳаракатлар куз-қиш даврида изчил давом эттирилади.
Иситиш мавсумининг муваффақиятли ўтишида муқобил ёнилғи таъминотини пухта йўлга қўйиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу вазифанинг уддасидан чиқиш учун тегишли идора ва ташкилотлар сафарбар қилинаяпти. Хусусан, шаҳар ҳокимлиги қарори билан тасдиқланган  тадбирлар режасига кўра, иситиш мавсуми учун ижтимоий соҳа муассасаларига 4485 тонна кўмир жамғарилди. Аҳоли хонадонларига эса 16,7 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган.
Ҳарорат пасаядиган кунлар тобора яқинлашмоқда. Бу эса тайёргарликни талаб даражасида ниҳоясига етказишни тақозо этади. Мавсум масъулиятини чуқур ҳис қилган наманганлик коммуналчилар ва улар билан елкама-елка турган таъминотчи корхоналарнинг диққат-эътибори ҳамда саъй-ҳаракати ана шунга қаратилган.


Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn