Садоқат ва фидойилик тимсоли
  • 27 Октябрь 2015

Садоқат ва фидойилик тимсоли

Одатда, олис манзил сари йўл олган сайёҳлар ўз кўнглидан кечиришни истаган ажиб бир ҳис бор. Бу — ҳайрат! Ана шу туйғунинг сеҳрли кучи билакка чексиз қувват, юракка битмас-туганмас ғайрат бағишлайди.

Шунда инсон қалбидаги эзгу ниятлар қатъий аҳдга айланади. Мўъжизалар оҳанрабоси эса минглаб чақирим йўлни минг қадам масофага айлантиради гўё.
Бугун жаннатмонанд заминимиздаги кўҳна обидалар, муқаддас қадамжолар ҳамда замонавий иншооту масканларни мароқ билан томоша қилаётган сайёҳларни кўриб, бунга яна бир бор иқрор бўлишимиз, шубҳасиз. Муҳими, улар юртимиздаги янгиланишлар қаршисида лол қолиб, Ўзбекистонда ўтган қисқа даврда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганини такрор-такрор эътироф этмоқда.
Хусусан, икки минг етти юз йиллик тарихга эга Қарши шаҳридан ҳам кейинги йилларда меҳмонлар қадами узилмайди. Негаки, бир пайтлар яйдоқ кенгликлардан иборат бўлган ушбу кентдаги мислсиз бунёдкорлик ва янгиланишлар уларда чинакам ҳайрату ҳавас уйғотаётир. Қарши шаҳрининг Мустақиллик номи билан аталувчи бош майдони — ана шундай гавжум манзиллардан бири. Бу ернинг ўзига хос ландшафт дизайни, замонавий меъморий ечими ҳамда мусиқа оҳангларига уйғун равишда, камалак рангида товланувчи жилвакор фаввораларини кўриб, кўз қувнайди.
Майдон тўрида “Эл-юрт таянчи” монументи қад ростлаган. Юртбошимиз ташаббуси билан барпо этилган ушбу ёдгорлик ўзбек оиласига, ўзининг оғир ва машаққатли меҳнати билан шу юртни обод этган Қашқадарё халқига қўйилган бебаҳо обидадир. Ундаги ҳар бир сиймо ва бадиий чизгилар халқимизнинг кўп асрлик тарихи, ўзбек оиласининг мардлиги ва матонатидан сўзлайди.
Дарҳақиқат, оила — муқаддас қўрғон. Барча эзгуликлар ибтидоси, манбаи, ҳаёт бардавомлигининг асосидир. Шу боис юртимизда оила улуғланади, уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Айниқса, истиқлол йилларида ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари қаторидан жой олди. Оила институти ривожлантирилди. Бунинг самараси эса хонадонларимиздаги аҳиллик, тотувлик, файзу барака мисолида яққол намоён бўлади. Қолаверса, шу пайтгача ҳеч бир мамлакатда жамият пойдевори саналмиш оилага ҳайкал қўйилмаганининг ўзиёқ Ўзбекистонимизда инсон манфаатлари — бош мезон эканлигининг яна бир тасдиғидир.
Монументга назар соламиз. Юртбошимиз ғояси асосида, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Равшан Миртожиев ва у бошчилигидаги ҳайкалтарошлар гуруҳи томонидан бунёд этилган ушбу маҳобатли ҳайкалда бири-бирини асраб-авайлаб, елкадош бўлиб, ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам ўзига ишониб яшаётган ва диёрини бутун дунёга танитиб, халқимизнинг ҳақиқий таянчи ҳамда суянчи бўлиб қолаётган бағрикенг оилалар аъзолари тимсоли гавдалантирилган. У ўзида чўл синовлари ва қийинчиликларида тобланган воҳа аҳлининг юксак сабот ҳамда матонати, орзу-умидлари, буюк келажакка бўлган ишончини тўла-тўкис мужассамлаштирган. Хусусан, оила бошлиғи сийратида бор куч-қуввати ва меҳрини оиласи ҳамда фарзандларига, эл-юртига бахш этган, қўли қадоқ, бағрикенг, фидойи ҳамда заҳматкаш ота, она тимсолида эса мунис ва меҳрибон ўзбек аёли намоён бўлган. Обида пойидаги тегирмон тоши замонлар алмашинуви, авлодлар бардавомлиги билан бир қаторда, ризқ, барака ва фаровонлик рамзини ифодалайди.
Айтиш жоизки, ушбу бетакрор маданий ёдгорликнинг шаҳар бош майдонида қад ростлаши вилоят марказидаги улкан бунёдкорлик ишларининг ғоявий тарҳини белгилаб берди. Монумент очилган кундан буён ўтган тўққиз йил мобайнида мазкур кент халқимиз бунёдкорлик салоҳиятидан далолат берувчи замонавий ва навқирон шаҳарга айланди. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрининг йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва қурилишининг истиқболли режаси дастури тўғрисида”ги қарори асосида Мустақиллик майдони тубдан реконструкция қилинди. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Қарши темир йўл вокзали ҳам капитал таъмирланди. Насаф, Ўзбекистон ва Амир Темур шоҳкўчалари кенгайтирилди. Ҳудуддаги кўплаб тарихий ёдгорликларда реконструкция ишлари бажарилди. Қувонарлиси, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда “Эл-юрт таянчи”  монументи Қашқадарё вилоятининг ўзига хос рамзи, ташриф қоғозига айланган. Эндиликда воҳага келаётган меҳмонлар, сайёҳлар ушбу мажмуани зиёрат қилиб, халқимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдалар. Энг муҳими, “Эл-юрт таянчи” монументида акс этган ҳаёт ҳақиқати, замонлар ўтса-да, бутун жаҳонга мафтункор юртимизнинг қандай боқий қадриятлар туфайли абадий эканини англатиб туриши, шубҳасиз.

Абдураҳим ЭРКАЕВ,
фалсафа фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn