Ғурур ва ифтихор бахш этди
  • 14 Март 2014

Ғурур ва ифтихор бахш этди

Кимгадир кераклигингни англаш, Ватан равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш ҳар кимга ўзгача завқ-шавқ бағишлайди, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.

Энг муҳими, ана шундай эзгу мақсадлар йўлидаги хизматинг эътироф этилса, рағбатлантирилса, ўзингни беҳад бахтиёр ҳис қиларкансан, киши.
Айниқса, аёлларга қаратилаётган ғамхўрлик туфайли ҳаётимизнинг барча жабҳасида хотин-қизларнинг мавқеи юксалиб бормоқда. Бу яқинда бўлиб ўтган байрам тадбирларида ҳам бот-бот таъкидланди. Хусусан, “Туркистон” санъат саройида ташкил этилган тантанада қатнашиб, давлатимиз раҳбарининг биз, хотин-қизларга йўллаган табригини катта ҳаяжон билан тингладик. Табрикдаги ҳам давлат хизматини, ҳам жамоат ишини, ҳам оила ва рўзғор юмушларини, ҳам фарзанд тарбиясини қойил қилиб бажариб келаётган барча-барча аёлларни қаҳрамон деб айтган бўлардим, деган сўзлардан беҳад тўлқинландик.    
ўурурланишимнинг яна бир сабаби шундаки, юртимизда аёлларни қадрлаш масаласи доимий диққат-эътиборда. Бундай юксак иззат-икром туфайли турли соҳаларда аёлларимиз, хотин-қизларимизнинг фаол иштирокини кўриш мумкин. Жумладан, ўзим ҳам машаққатли ва шарафли касб эгаси — ўқитувчиман.
Соҳада ҳамфикр бўлиб ишлаётган сафдошларимизнинг аксарияти аёллардан иборат эканлиги ҳам бизга бўлган самимий муносабатни яққол ифодалайди.
Чунончи, табрикда таъкидланганидек, бугунги кунда фақатгина умумий ўрта таълим мактабларида хизмат қилаётган муаллим ва мураббийларнинг 70 фоизга яқинини аёллар ташкил қилади. Айни вақтда таълим-тарбия соҳасида энг замонавий босқич бўлмиш касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар тизимида меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг улуши қарийб 50 фоизни, олий ўқув юртларида эса аёл профессор-ўқитувчилар 43 фоизни ташкил этиши алоҳида эътиборлидир.
Яқинда мамлакатимизда “Соғлом бола йили” Давлат дастури қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда ҳам оналик ва болаликни муҳофаза этиш, аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилашга оид бир қатор эзгу мақсадларга урғу берилганки, бу ҳам фарзандининг саломатлигини, камолотини ўйлаб яшайдиган аёлларимиз, оналаримизга бўлган ҳурмат-эътибор намунасидир.

Шаҳноза ҚОДИРОВА,
ЎзМУ профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn