Юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори
  • 13 Март 2014

Юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори

Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимидаги ислоҳотлар: натижалар ва истиқболлар” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Унда Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари, Бош прокуратура, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Давлат божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари, Республика Юристлар малакасини ошириш маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳудудий бошқарма ва бўлимлари, таълим муассасалари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, истиқлолнинг илк йиллариданоқ суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу борадаги изланишлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидан келиб чиқиб, янгича суръат олди. Биргина ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида эришилган натижалар мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин. Хусусан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоатчилик ўртасида ўзаро ҳамкорлик механизмларининг такомиллашиб бораётгани бу борада ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти.
Бугун маҳаллаларда милиция таянч пунктлари ҳамда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактикасини амалга ошириш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда аҳоли, жумладан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътиборга молик. Уларнинг таълим муассасалари, фуқаролар йиғинлари, яраштирув комиссиялари билан ҳамкорлиги натижасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинаяпти, жиноятни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланиб, жойида бартараф этилмоқда.
— Ҳозирги пайтда республикамизда 3 минг 712 та милиция таянч пункти бўлиб, уларнинг аксариятида фан ва спорт тўгараклари, кичик бизнес шохобчалари ҳамда замонавий болалар спорт майдончалари самарали фаолият кўрсатаётир, — дейди Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Исломиддин Холиқов. — Уларга ҳудудлардаги аҳоли, хусусан, ёшларимиз жалб этилган. Бу амалда ўз самарасини бераяпти, яъни жойларда вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари, умуман, жиноятчилик сезиларли даражада камайишига эришилмоқда. Ўтган йил мобайнида 2230 та маҳаллада биронта ҳам ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилмагани бунинг ёрқин далилидир.
Анжуманда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида милиция таянч пунктлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги натижалари ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, мамлакатимиздаги барча, яъни 10 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қошида 50 мингдан зиёд “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси вакиллари, 8 минг нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда 9 мингдан ортиқ яраштирув комиссиялари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик бугун амалда ўзини ҳар жиҳатдан оқлаётгани юқори баҳоланди.
Тадбирда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмини янада такомиллаштириш, ушбу тизимни ташкил этишда ягона ёндашувни белгиловчи “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Якунда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn