Икки гектар майдонни эгаллаган болалар кўнгилочар мажмуаси жаҳон андозалари даражасида барпо қилинди. Уни “Осиё мустаҳкам бунёдкори” МЧЖ мутахассислари қуриб, фойдаланишга топширди.
— “Тижорат банкининг 1,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредити эвазига барча юмушларни юқори савияда амалга оширдик, — дейди жамият раҳбари О. Маҳмудов. — Аквапаркда болажонлар айни ёз палласида мириқиб дам олиши учун барча шарт-шароит муҳайё этилган.
— Турли юртларда бўлганман ва бизнинг аквапарк жаҳон андозалари даражасида барпо қилинганини алоҳида қайд этмоқчиман, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Андижон олимпия захиралари коллежининг оғир атлетика бўйича мураббийи Ойбек Турғунов. — Бу каби мажмуа болалар учун айни муддао бўлди.
Яна бир эътиборли жиҳати, аквапарк жойлашган даҳада кейинги бир неча йилда юзлаб намунавий уйлар, ўқувчи-ёшлар маркази, умумтаълим ҳамда мусиқа ва санъат мактаблари бунёд этилдики, буларнинг барчаси ҳудудга ўзгача файз бағишлади.
Саидаҳмад ШУКУРОВ.