Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур учрашувга маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар таклиф этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун истиқлол фарзандларининг замон талабларига мос таълим-тарбия олишлари, зарур касб-ҳунар сирларини ўрганишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилган. Энг муҳими, улар бу каби ғамхўрликлардан унумли фойдаланиб, ўзларининг ноёб иқтидорларини турли йўналишда намоён этиб келишаяпти. Бинобарин, навқирон авлод вакилларини миллий мусиқа санъатига ошно этиб тарбиялашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз ҳудудларида барпо этилган мусиқа ва санъат мактабларида мумтоз ҳамда жаҳон мусиқасининг ноёб сир-асрорлари чуқур ўргатилаётир.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига кўра, республикамизда уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионерларга ҳар қачонгидан ҳам юксак ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатилаяпти.
— Умримизнинг энг гаштли ва сурурли онларини бошдан кечираяпмиз, — дейди 3-Дархон маҳалласида истиқомат қилувчи Абдурашид ота Нурбоев. — Юртимиздаги тинчлик-осудаликка, халқимизнинг фаровон турмушига кўз тегмасин. Байрамлар байрамларга уланаверсин.
— Яхши куй-қўшиқ кишиларга эстетик завқ бағишлайди, эзгуликка етаклайди, — дейди Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров. — Халқимизнинг гўзал ва унутилмас оҳанглари нуронийларимизга манзур бўлмоқда.
Тадбирда таниқли санъаткорлар, халқ бадиий жамоалари, ашула ҳамда рақс ансамбллари ижросидаги Ватан, истиқлол, тинчлик, ёшлик ва муҳаббатни тараннум этувчи қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Дилмурод СОДИҚОВ.