Айни пайтда Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларининг соғлиғини муҳофаза қилиш мазкур жамоат ташкилотининг доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда.
Айтиш жоизки, бу борада жамғарма мамлакатимиз ва хорижий тиббий муассасалар ҳамда малакали тиббиёт мутахассислари билан ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида аҳамият қаратиб келаётир. Шу кунларда жамғарма таклифига биноан, Франциянинг “Умид ришталари” шифокорлар уюшмаси аъзолари юртимизга ташриф буюрдилар.
Улар тиббий текширув, маслаҳат ва жарроҳлик муолажаларини бажаришдан иборат хайрия акциясида иштирок этиш учун академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Умид ришталари” уюшмасига бугунги кунда 400 нафардан зиёд шифокор аъзо бўлиб, улар йилига 30 дан ортиқ мамлакатда 5000 га яқин операцияни амалга оширади.
Юртимизга ташриф чоғида франциялик шифокорлар кам таъминланган оила фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашуви марказидаги имконияти чекланган жами қирққа яқин ўғил-қизни кўрикдан ўтказиб, уларга тиббий маслаҳат бердилар. Зарур ҳолларда жарроҳлик муолажаси бажарилди.
Шу билан бирга, уюшма вакиллари томонидан мамлакатимиз жарроҳлари учун семинар-тренинглар уюштирилди. Жумладан, профессор Оливье Барон гипотермияни ўртача меъёрда ишлатиш, яъни жарроҳлик амалиёти жараёнида бош мияга келувчи кислородни тўхтатмаган ҳолда, тана ҳароратининг имкон қадар паст кўрсаткичлари билан боғлиқ янги услуб ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Тадбирлар давомида болалар жарроҳлиги, реанимация, ташхис ва даволашнинг замонавий усулларига оид масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.
Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.