Асалга тобингиз қалай?
  • 07 Июль 2015

Асалга тобингиз қалай?

Юртимизда мазкур шифобахш неъматни етиштириш сердаромад тармоққа айланмоқда. Қизилтепа туманидаги “Тошработ асал шифо” фермер хўжалиги аъзолари, бир неча йилдирки, асаларичилик билан шуғулланиб, катта тажриба тўплади. Ҳозирги кунда бу ерда 170 та асалари оиласи парваришланмоқда.

— Минг дардга даво неъматни инсон саломатлиги учун тортиқ қилаётган асалариларни парваришлашнинг ўзи бўлмайди, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдурашид Ярашев. — Жорий йилда асаларилар оиласи сонини яна юзтага кўпайтириш ниятидамиз. Шу мақсадда хориждан зотли она асалариларни келтириш бўйича шартнома имзоладик.
Маълумки, қишлоқ хўжалигининг ушбу сердаромад тармоғини  ривожлантириш учун мамлакатимизда табиий имкониятлар кўп. Сўлим водийларимиз, пурвиқор тоғларимиз гулу гиёҳларга бой эканлигини айтиш кифоя. Хусусан, шифобахш ўсимликлар ўсувчи дашт ва тоғлар билан қуршалган Навоий вилоятида ўтган йиллар мобайнида асаларичилик равнақи йўлида салмоқли ишлар амалга оширилгани диққатга сазовор.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, битта асалари бир килограмм асални йиғиш учун ер шарини тўрт марта айланиб чиқишга тенг масофани босиб ўтиши керак экан. Нектарни асалга айлантириш, наслларни боқиш, катак қуриш, уяни қўриқлаш, ҳавони алмаштириш каби вазифаларни адо этиш эса — асаларичилар зиммасида.
Дунё давлатлари тажрибасидан яна шу нарса аёнки, қишлоқ хўжалиги экинларини чанглатишда асаларичиликнинг ҳиссаси катта. Ҳисоб-китобларга қараганда, болари ёрдамида чанглатилган боғ ва экин майдонларида ҳосилдорлик 25-30 фоизгача ошади. Айниқса, пахта толасининг сифати янада яхшиланади. Бунинг учун ҳар гектар боғ ва пайкал бошига 2 ёки 4 та асалари оиласи олиб бориб қўйилади. Ушбу усул АҚШ, Канада, Хитой, Испания ва Франция каби мамлакатларда кенг жорий қилинган бўлиб, тармоқдан олинадиган даромаднинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги экинларини чанглатишдан келади.
Қувонарлиси, Навоий вилоятида ҳам асал етиштириш ҳажми йил сайин кўпаймоқда. Масалан, 2014 йилда аввалги йилдагига нисбатан қарийб 30 тонна кўп, жами 708 тонна ҳосил етиштирилди. Яъни ҳар бир асалари оиласидан ўртача 20 килограммдан асал олинди.
Гап шундаки, ўтган йили 50 дан ортиқ янги асаларичилик хўжаликлари ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида яна 108 та субъект фаолият бошлади. Шунга яраша режа ҳам залворли: мавжуд хўжаликларда 827 тоннадан зиёд асал тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
— Юртимизда асаларининг сермаҳсул зотларини кўпайтириш, наслчиликни такомиллаштириш, хўжаликларнинг моддий-техник ва озуқа базасини мустаҳкамлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилаяпти, — дейди вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси бош асалчиси Улуғбек Муродов. — Бунинг самараси ўлароқ тармоққа замонавий технологиялар жорий қилиниб, зооветеринария хизматлари такомиллаштирилаётир. Бу борада қизилтепалик олим, тажрибали асалчи Пўлат Муродовнинг технологияси юқори самара бераётганини қайд этиш лозим. Ушбу технологиянинг афзаллиги шундаки, асаларининг табиий иқлим шароитимизга аллақачон мослашган “Карпат” зотини сувли ва унумдор ерларга кўчириб юриш орқали маҳсулдорликни ошириш имконини беради.
Мутахассислар қўлга киритилаётган муваффақиятларни асалари оилалари сони ўсиши билан эмас, наслчилик ишлари ривожланаётгани билан ҳам изоҳлашмоқда. Чиндан ҳам, бу йил асалари зотларини яхшилаш ва уларнинг маҳсулдорлигини ошириш мақсадида хориждан 310 дона зотдор ари келтирилиб, хўжаликларга етказиб берилади. Эътиборлиси, мазкур хайрли ташаббус кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, зотдор боларилар ўзимизда ҳам кўпайтирилмоқда. Пировардида юзлаб янги иш ўринлари яратилаяпти.
Шу билан бирга, асаларичилик жиҳозларини ишлаб чиқарадиган, асални қайта ишлайдиган ҳамда қадоқлайдиган кичик корхоналар, улар билан савдо қилувчи дўконлар ташкил этилаётир. Аниқ мақсадга йўналтирилган бундай чора-тадбирларнинг барчаси, ўз навбатида,  бозорларимизнинг тўкинлигини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.


Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn