Унда Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар — Ўзбекистон, Беларусь, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон делегациялари, шунингдек, қатор давлатлар ва кузатувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Улар орасида Пул маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, МДҲ Аксилтеррор маркази, ЕХҲТ вакиллари, шунингдек, Италия, Польша, АҚШ, Франция ва Черногориядан экспертлар бор.
Ялпи мажлисда Евроосиё гуруҳи фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш масалалари кўриб чиқилади. Экспертлар маблағ ноқонуний ўзлаштирилиши ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича миллий тизимларни такомиллаштиришга доир турли чораларга алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама этилади.
18 майдан Евроосиё гуруҳига кирадиган беш ишчи гуруҳнинг йиғилишлари бошланди. Уларнинг кун тартибига терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш, ўзаро техник кўмаклашиш, ҳуқуқий ва бошқа масалалар киритилган.
Евроосиё гуруҳи мажлисининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг глобал таҳдидларга қарши курашишда фаол иштирок этаётгани эътирофидир. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсат юритиб келмоқда, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашишда қатъий позицияга эга. Мамлакатимиз шу мақсадда 2005 йилда Евроосиё гуруҳига аъзо бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги шартномаларни амалга ошириш бўйича мамлакатимизнинг махсус давлат ваколатли органи ҳисобланади.
Сардор ТОЖИЕВ,
ЎзА мухбири.