Тинчлик — улуғ неъмат, буюк саодат
  • 12 Май 2015

Тинчлик — улуғ неъмат, буюк саодат

Инсоннинг энг олий, муқаддас ҳуқуқларидан бири тинч-осойишта ҳаёт кечиришдир. Мустақиллик йилларида фуқароларимизнинг ушбу ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ҳамда бағрикенглик мустаҳкам қарор топди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 9 май куни пойтахтимизда Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган маросимда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда мамлакатимизнинг тараққиёти, бугуни ҳамда эртанги куни, жаҳонда ва ён-атрофимиздаги мавжуд вазият ҳақида ўта муҳим ҳамда долзарб фикрларни баён этар экан, “Бизнинг халқимиз кўпчилик халқлар қатори нимани истайди, нимани хоҳлайди — бизга тинчлик керак, бизга омонлик керак!” дея алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бинобарин, Ўзбекистон олиб бораётган сиёсат дунёда тинчликпарвар сиёсат, деб баҳоланиб, халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Энг муҳими, Ўзбекистон минтақада барқарорлик омили сифатида турли таҳдид ва хавфларнинг нафақат юртимизда, балки Марказий Осиё бўйлаб тарқалишига самарали тўсиқ бўлаяпти, бу борада кўплаб давлатлар учун ўрнак кўрсатмоқда.
Бундай натижа ҳамда марраларга эришишда жамият ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари шакллантирилгани, жумладан, давлатимиз минтақамиз ва глобал миқёсда тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган деярли барча халқаро ҳужжатларга қўшилгани муҳим аҳамият касб этаяпти.
Хусусан, халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида БМТнинг барча — 13 та конвенцияси республикамиз томонидан ратификация қилинган. Ўз навбатида, тинчлик, осойишталик ҳамда барқарорликни таъминловчи муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Айни пайтда Ўзбекистон халқаро миқёсда тинчликпарвар сиёсат олиб бормоқда, турли ташаббусларни илгари сураяпти. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиё минтақаси ядро қуролидан холи ҳудуд, деб эълон қилинди. Айни чоғда Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида ўзига хос принципиал ёндашувга эга бўлган мамлакат сифатида эътироф этилаяпти. Юртимиз жафокаш афғон халқининг қаддини ростлаб, тикланишига ҳар томонлама ёрдам кўрсатаётган давлат эканлигини нуфузли экспертлар алоҳида таъкидлашмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимиз томонидан аср вабоси ҳисобланган терроризм, диний экстремизм ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш, Марказий Осиё ҳудудидаги экологик муаммолар, трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш бўйича сўнгги йиллар давомида билдирилган қатор таклиф ҳамда ташаббуслар халқаро ҳамжамият эътиборини доимо ўзига жалб қилиб келмокда.
Қувонарлиси, тинчлик, осудалик ҳукмрон бўлган юртимизда дунё мамлакатларининг ҳавасини келтираётган залворли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу эзгу ва кенг қамровли ислоҳотларга дахлдор бўлиб яшаш эса барчамизни яратувчанликка, муваффақиятларни янада мустаҳкамлашга чорлайверади.


Комила КАРОМОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тинчлик тумори Осуда ҳаёт қадри »