— 2005 йилда глобал интернет тармоғи ресурсларига уланишни таъминловчи “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Халқаро пакетли коммутация маркази (ХПКМ) ташкил этилган эди, — дейди компаниянинг Халқаро ҳамкорлик ва операторлар билан ишлаш департаменти директори Ҳабибулла Салибаев. — Бу марказнинг саъй-ҳаракати билан мамлакатимизда халқаро алоқа хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳисобга олинган ҳолда, мавжуд ўтказиш қобилиятини ошириш чоралари кўрилди. Хорижий давлатлар операторлари билан ҳамкорликда бир қатор янги ўтиш нуқталари фойдаланишга топширилди.
Натижада кейинги беш йил мобайнида интернетга уланиш бўйича каналлар умумий тезлиги 15 баробар оширилди. Ушбу кўрсаткич айни пайтда 19250 Мбит/сонияни ташкил этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, компания томонидан “Халқаро пакетли коммутация марказини кенгайтириш” лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда. Минтақаларда мазкур марказнинг янги боғламалари босқичма-босқич ишга туширилаяпти. Чунончи, яқинда Бухоро шаҳрида ўтказиш қобилиятини келажакда янада кенгайтириш имконини берадиган 40 Гбит/сониялик янги боғлама қурилиши тугалланди. Япониянинг “NEС” компанияси ва “Тоyоtа Tsusho” савдо уйи билан ҳамкорликда янги DWDM линияси фойдаланишга топширилди. У пойтахтимизни Бухоро шаҳри билан боғлади.
Таъкидлаш ўринлики, бу Марказий Осиё мамлакатларида 100 Гбит/сониягача тезликда ишлайдиган биринчи тизимдир. Унда анъанавий тизимдан фарқли равишда энг илғор когерент қабул қилиш ва узатиш технологиялари қўлланилган. Ушбу лойиҳа магистраль алоқа линиялари ўтказиш қобилиятини ва маълумотлар узатиш имкониятини бир неча маротаба оширди.
Яна бир эътиборли жиҳати, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси юртимизнинг тарихий ва бой маданий мероси жойлашган ҳудудларда, шунингдек, жамоат учун мўлжалланган ҳамда фаол туристик объектларда симсиз радиоуланиш тармоғини йўлга қўйишга қаратилган лойиҳани ҳам амалиётга жорий этмоқда.
— Мазкур лойиҳа ҳукуматимизнинг бир қатор қарорлари ижроси доирасида ҳаётга татбиқ қилинаяпти, — дейди компаниянинг Ахборот хавфсизлиги департаменти директори Обид Асадов. — 2014 йилда компаниямиз томонидан Хивадаги “Ичан-Қалъа”да оптик алоқа каналларини ташкил этиш ва радиоускуналар ўрнатиш йўли билан Wi-Fi тизими синов тариқасида фойдаланишга топширилганди. Шундан сўнг Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари тарихий объектлари, қолаверса, туристик ҳудудлар, меҳмонхона, аэропорт ва темир йўл вокзалларида симсиз тижорат тармоғини барпо этиш бўйича лойиҳа рўёбга чиқарилди.
Мутахассисларнинг эътирофича, Wi-Fi тизимининг қулайлиги шундаки, фойдаланувчилар бир карта ёрдамида “Ўзбектелеком” АК тармоғида мавжуд барча объектда интернет хизматларидан фойдалана оладилар. Дейлик, агар абонемент тўлов картасини Хива шаҳрида сотиб олган бўлса, уни Термизда ҳам қўллаши мумкин. Айни дамда мазкур тизим 27 та объектда ишга туширилмоқда. Тариф режаларига мувофиқ, глобал тармоққа уланиш тезлиги 4 Мбит/сонияни ташкил этади. Фойдаланувчиларга беш турдаги 4500 дан 25000 сўмгача номиналли, 150 дан 2500 Мбайтгача ҳажмли трафикка эга карточкалар тақдим этилади. Фаоллаштирилганидан кейин карточканинг амал қилиш муддати 30 кунни ташкил этади. Компания истиқболда ушбу тармоқни бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Бу каби лойиҳаларнинг ҳаётга жорий қилиниши мамлакатимизда ахборот технологияларини жадал ривожлантириш, пировардида фойдаланувчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш имконини бериши, шубҳасиз.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.