Инсон қадри улуғ, хотираси абадий
  • 30 Апрель 2015

Инсон қадри улуғ, хотираси абадий

Инсон хотиралар билан яшайди. Кечаги куннинг машаққатларини эслаб, оғир дамларни бугунги фараҳбахш ҳаёт билан муқояса қилсак, эзгулик, яхшиликни улуғлаб яшашга кўпроқ интиламиз. Президентимизнинг ташаббуси ва таклифига биноан, 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши замирида ҳам кишиларни эзгуликка ундаш фалсафаси мужассам.

Муҳими, халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам қарор топмоқда. Тарихдан сабоқ чиқариб, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни такрорламай, миллий ўзликни англаган ҳолда, музаффар аждодларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган авлоди эканимизни англаб яшаяпмиз. Зеро, бу ёруғ ва дориламон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, мўътабар кексаларимиз дуосини олиш, тинч ҳамда осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга катта қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди. Хотира ва Қадрлаш кунининг бу йил “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида нишонлаётгани, ушбу тадбирлар доирасида таълим муассасаларида, маҳаллаларда  ёши улуғ кишилар, уруш ва меҳнат фахрийлари билан уюштирилаётган мулоқотлар ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз томонидан уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганларга, жангда ҳалок бўлганларнинг оилаларига пенсия ҳамда нафақалардан ташқари, ҳар йили турли ижтимоий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Уларнинг сиҳатгоҳ ҳамда курортларда даволаниш, протез-ортопедия жиҳозлари, ногиронлар аравачалари ва бошқа тегишли воситалар билан таъминланишига, жамоат транспортида бепул юриш ҳамда коммунал хизматлар бўйича компенсациялар олишига катта эътибор берилаётир. Жумладан, Иккинчи жаҳон урушида юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, бугунги тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимиз йўлида жонини фидо қилган юртдошларимиз халқимиз, давлатимизнинг доимий эътибор ҳамда эъзозида бўлиб келмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Мазкур ҳужжат асосида Хотира ва Қадрлаш куни олдидан уруш ва меҳнат фронти фахрийларига эсдалик юбилей медаллари тантанали равишда топширилмоқда.
— Дунёда байрамлар кўп, маросимлар бисёр, аммо инсон қадрини эъзозлайдиган шодиёна ҳамма жойда ҳам йўқ, — дейди Шайхонтоҳур туманининг “Қоратош” маҳалласида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийси Носир ота Алиев. — Шукрки, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатига қаратилган. Зеро, умр бир марта берилади. Ана шу умр давомида одамзод яхши яшашга, ҳаётдан завқланишга, қадрланишга ҳақлидир. Не бахтки, бундай шараф истиқлол туфайли бизга насиб этди. Тўқсон бир ёшга кирдим, кўп нарсани кўрдим. Турли бало-қазолардан омон қолдим. Ўтмишнинг машаққатларини эсласам, бугунги фаровон турмушимизга кўз тегмасин, дейман.
Халқимизга хос хислатлар ҳақида сўз кетганда, аввало, меҳр-оқибат, хайру саховат, қадр-қиммат каби фазилатлар тилга олинади. Бу бежиз эмас. Бинобарин, биз азал-азалдан бир-биримизга ғамхўрлик кўрсатишда, айниқса, кексаларни эъзозлашда бошқаларга ибрат бўлганмиз. Бу борада амалга оширилаётган ишларнинг кўлами беқиёс. Шу маънода, ёши улуғларни эъзозлаш давлатимизнинг асосий вазифаларидан бирига айланган. Умрини эл-юртга хизмат қилишга бағишлаган тошкентлик Сара момо Ўрозаева бу ҳақда шундай дейди:
— Ҳаёт ҳақиқати шундай бўлса керак: инсон ёши ўтиб, кексайган сари ён-атрофдагилардан ширин сўз, меҳру эътибор кутадиган бўлиб қолади. Мана, менинг ёшим ҳам саксондан ошаяпти. Маҳалламиздаги тенгқурларим билан кўришганда, мустақиллик даврига етганимиздан фахрланиб гапирамиз. Чунки кексаларни эъзозлаб, барча шарт-шароитни яратиб бериш ҳар қандай юртда ҳам мавжуд эмас. Буни кўриб, билиб, турибмиз.
Инсон ҳаёт экан, ўз умридан, ўтаётган кунларидан шукуҳ ҳис этиб яшаши керак. Биз, кексалар ҳамиша ардоқдамиз. Маҳалламизда биров тўй-маърака  қилмоқчи бўлса, мени чақиришади, ҳаёт тажрибаларимдан келиб чиқиб, йўл-йўриқ кўрсатаман. Айтмоқчиманки, қадрим кишиларнинг эътибори туфайли баланд экан, нима учун мен ўзимни жамоатчилик ишидан тийишим керак? Аксинча, бугун менинг фикру зикрим одамларга, шу йўл билан Ватанга хизмат қилишга қаратилган.
Президентимизнинг жойларга қилган сафарларини қолдирмай кузатиб бораман. Юртбошимизнинг, айниқса, қаерга борсалар, оддий ишчилар билан ҳам дилдан суҳбатлашганларини кўриб, ниҳоятда ҳаяжонланиб кетаман. Беихтиёр ўзим ишлаган йилларни эслайман. Эртадан-кечгача жонимизни жабборга бериб меҳнат қилсак-да, бизнинг ҳолимиздан ҳеч ким хабар олмаган. Бугун эса қадр топдик, эҳтиром оғушидамиз. 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлаб, ёшу қари демай, ёлғиз демай, ҳаммага бирдек ғамхўрлик қилаётган давлатимиз раҳбари омон бўлсинлар!
Маълумки, урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган. Шундан 1,5 миллионга яқин одам урушда қатнашган. Ўша вақтда юртимиз аҳолисининг ярмини болалар ва кексалар ташкил этган. Бу шуни кўрсатадики, қурол кўтаришга қодир бўлган юртдошларимизнинг тахминан 70-80 фоизи бу бешафқат урушда бевосита иштирок этган.
Шу маънода, ушбу санани нишонлар эканмиз, бу куннинг юртимизда “Хотира ва Қадрлаш куни” деб эълон қилинганлиги нақадар чуқур ўйланганини, унинг теран маъно ҳамда мазмунга эга эканини ҳаётнинг ўзи бот-бот тасдиқламоқда. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, “Хотира, хотирлаш ҳақида гапирар эканмиз, бу тушунчани қадрлаш тушунчасидан ажратиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, бу ёруғ кунларга нима ҳисобидан эришганимизни, бу йўлда қандай оғир курашлар, азоб-уқубат ва йўқотишлар бўлганини, қанчадан-қанча одамлар уруш майдонларида азиз жонини қурбон қилганини англамасак, тушунмасак, бугунги кунимизни, мусаффо осмонимизни, тинч ва осуда ҳаётимизни англаш, унинг қадрига етиш қийин бўлади.
Айнан шунинг учун ҳам, ҳозирги пайтда орамизда, сафимизда соғ-саломат, бардам яшаётган, бугунги ҳаётимизга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган уруш қатнашчиларини, муҳтарам ҳамда азиз фахрийларимизни қадрлаш ва эъзозлаш, уларга ҳар томонлама ҳурматимизни билдириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз”.
Зеро, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир киши, айниқса, ёш авлод мана шу байрам тимсолида Кексаларни қадрлаш, саховатга муҳтож кишиларга кўмаклашиш каби юксак фазилатларни қалбига сингдирмоқда.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn