Меҳнат муҳофазасини таъминлаш касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир
  • 30 Апрель 2015

Меҳнат муҳофазасини таъминлаш касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир

Мамлакатимизда барча соҳаларда техник ва технологик янгиланиш ҳамда модернизациялаш ишлари изчил амалга оширилиб, меҳнатни муҳофаза этиш маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ходимларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитлари яратиш, корхона ҳамда ташкилотлардаги меҳнат муҳофазаси ҳолатини яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш, касб касалликларининг олдини олиш, бунда ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси, Ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефткимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига кирувчи корхоналар, ҳамкор ташкилотлар, юртимизда аккредитациядан ўтган бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.
Давра суҳбатида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан  ходимлар меҳнати муҳофазасини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда олиб борилаётгани, бунда асосий эътибор профилактика ишларига қаратилаётгани таъкидланди. Чунончи, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмаларида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тизими ишга туширилди. Натижада бошланғич касаба уюшмалари томонидан меҳнат жамоаларида ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиши билан бир қаторда, санитария-гигиена талабларига риоя этиш, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш бўйича самарали ютуқлар қўлга киритилмоқда.
Тадбирда мамлакатимизда меҳнат муҳофазаси, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароити яратишга оид норматив-ҳуқуқий база такомиллаштириб борилаётгани натижасида қатор масалаларни ижтимоий шериклик асосида ҳал қилиш имкони яратилгани эътироф этилди. Шунингдек, касаба уюшмаларининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш борасида олиб бораётган ишларига урғу берилди.
Ходимлар меҳнати муҳофазасини таъминлашда давлат, касаба уюшмалари, иш берувчилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги самарадорлигини кучайтириш, меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида профилактика маданиятини юқори даражага кўтариш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича анъанавий равишда ўтказиб келинаётган республика кўрик-танловининг “Энг яхши корхона”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил” номинациялари ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. 
— Ҳозирги кунда заводимизда 800 дан ортиқ ишчи-ходимлар ишлайди, — дейди мазкур танловнинг “Энг яхши корхона” номинацияси ғолиби бўлган “GM Powertrain Uzbekistan” қўшма корхонаси вакили Жамолиддин Атаматов. — Уларнинг меҳнати муҳофазасини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, бахтсиз ҳодисалардан асраш, умуман айтганда, муносиб меҳнат шароитини яратишга қаратилган чора-тадбирлар жамоа шартномаларига киритилиб, касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида бу борада амалий натижаларга эришилмоқда. Ушбу жараёнда иш берувчиларнинг масъулияти оширилаётгани эътиборлидир. Албатта, бу ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан бирга, уларнинг янада самарали ишлашларига зарур шарт-шароитлар яратади.
Тадбир доирасида меҳнат муҳофазасининг самарали таъминланишида муҳим омил бўлган махсус кийим-бош ва шахсий ҳимоя воситалари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn