Баркамол авлодни тарбиялаш — долзарб вазифа
  • 30 Апрель 2015

Баркамол авлодни тарбиялаш — долзарб вазифа

29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда “Ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш масалалари” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Тадбирда Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим, Адлия, Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Тошкент давлат юридик университети, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент ахборот технологиялари университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Анжуманда ёшларни уларнинг онги ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлардан ҳимоя қилишда давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг масъулиятини юксалтириш ва ахборот олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси самарадорлигини ошириш, бу борада қонунларнинг аниқ ҳамда бир хилда ижро этилиши устидан прокурор назоратини янада кучайтириш чоралари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, глобаллашув жараёнлари аҳолининг ахборот олиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Шу билан бир қаторда, бу жараён фуқароларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этаяпти. Айниқса, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғи ёшлар эканини инобатга оладиган бўлсак, ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш долзарб вазифага айланиб бормоқда.
Конференцияда ёшларни маънавий таҳдидлар ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда “оммавий маданият”нинг салбий кўринишлари, интернет ҳамда оммавий ахборот воситаларининг салбий таъсирларини бартараф этиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий-техник ва иқтисодий услубларни комплекс равишда қўллаб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, турли маънавий таҳдидларга нисбатан мафкуравий иммунитетини шакллантириш бўйича ишларни амалга оширишда, хусусан, уларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари самарали ҳамкорлик олиб бориши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбир якунида ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилишга доир ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn