Интеллектуал мулк — тараққиёт асоси
  • 28 Апрель 2015

Интеллектуал мулк — тараққиёт асоси

Ҳар қандай мамлакатнинг халқаро майдонда эътироф этилиши интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизими қай даражада йўлга қўйилгани билан ҳам белгиланади. Зеро, бу соҳада мустаҳкам ҳимоя тизими мавжудлиги илмий тадқиқотларни рағбатлантириш, иқтисодиёт, инновациялар, маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш, фан-техника ютуқларини амалиётга самарали татбиқ этиш, пировардида мамлакатнинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини янада оширишда муҳим омил саналади.

Дарҳақиқат, бугунги бозор муносабатлари шароитида интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий ҳимояси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, хусусан, уларнинг муҳофазаси ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, мазкур объектлардан эгалари розилигисиз фойдаланиш каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, интеллектуал мулк эгаларига етказилган зарарни баҳолаш ва уни қоплашнинг самарали механизмларини амалиётга татбиқ этиш, шу билан бирга, соҳага оид суд амалиётини янада ривожлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келинаётир. Ўтган даврда Фуқаролик, Жиноят, Солиқ ва Божхона кодекслари ҳамда бир қатор қонунлар, юздан ортиқ қонуности ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилдики, улар интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатлари муҳофазасида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, 2011 йил 26 декабрда қабул қилинган “Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун интеллектуал мулк соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормаларини унификациялаш ва бир хилда қўлланилишини таъминлаб, интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқ эгалари манфаатлари муҳофазасининг самарали усуллари ва воситаларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда тижорат сири ҳуқуқий муҳофазаси кафолатларини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Тижорат сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши соҳага оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш йўли билан тижорат сири эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг янада такомиллашувига хизмат қилди. Мазкур Қонун нормалари амалиётга самарали татбиқ этилиши хўжалик юритувчи субъектларнинг изчил фаолият олиб бориши учун қулай шароит яратиб бериши баробарида, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, саноат янгиликлари ва ноу-хаунинг ривожланишида ҳал қилувчи омил бўлаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 24 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, интеллектуал мулк соҳасида бир-биридан мустақил фаолият юритиб келган Давлат патент идораси ҳамда Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ташкил этилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий муҳофазаси соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, ягона ёндашувни таъминлаш, юртимизнинг шу соҳадаги халқаро шартномаларини тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этиш бўйича яхлит тизим яратилди.
Ўтган даврда Ўзбекистон бир қатор халқаро ҳужжатларга, жумладан, Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж Конвенцияси, Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Мадрид битимига доир Баённома, Патент кооперацияси тўғрисидаги шартнома, Товар белгиларига доир қонунлар тўғрисидаги шартнома, Патент ҳуқуқи тўғрисидаги шартнома, Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция, Халқаро патент таснифи тўғрисидаги Страсбург битими каби ўттиздан ортиқ нуфузли халқаро шартнома ва битимларга қўшилиб, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг фаол иштирокчисига айланди. Қолаверса, бугунги кунда республикамиз дунёнинг 20 га яқин давлатлари билан интеллектуал мулк муҳофазаси соҳасида икки томонлама самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Албатта, мустаҳкам ҳуқуқий асоснинг яратилиши соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. Буни 2012 — 2014 йиллар мобайнида 533 та ихтиро, 297 та фойдали модель, 344 та саноат намунаси, 4 890 та товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгилари),  электрон ҳисоблаш машиналари учун 584 та дастур ва маълумотлар базаси ҳамда
24 та селекция ютуғи давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳам тасдиқлайди.
Соҳада эришилаётган муваффақиятларимиз халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётгани, айниқса, эътиборга моликдир. Хусусан, Президентимизнинг жаҳон давлатлари раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб, 1996 йилда миллий патент тизимини яратиш ва ривожлантириш, илмий-технологик ва ихтирочилик фаолиятига ёрдам кўрсатишдаги шахсий ҳиссаси ҳамда мамлакатда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш халқаро патент-ҳуқуқий тизимида фаол иштироклари учун Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг “Катта олтин медали” билан тақдирланиши ҳам ана шу эътирофнинг юксак намунасидир.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси соҳада янги босқични бошлаб берди. Зеро, унда муaллифлик ҳуқуқлaри вa интeллeктуaл мулкни ишoнчли ҳимoя қилишнинг ҳуқуқий кaфoлaтлaри вa мexaнизмлaрини кучaйтириш, мавжуд қонунларнинг кўпчилигини уларни қўллаш амалиёти ва мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг реал ҳолатидан келиб чиқиб, жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилиб, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Мухтасар айтганда, юртимизда интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий муҳофазаси билан боғлиқ қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шу орқали ушбу объектларга нисбатан ҳуқуқ эгалари қонуний манфаатларини ишончли тарзда муҳофазалаш тизимини яратиш, шунингдек, соҳадаги давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга бўлган эътибор янада ортмоқда. Зеро, бугунги тезкор замонда интеллектуал мулк иқтисодий тараққиётнинг муҳим асосидир.

Аҳрор РЎЗИЕВ,
Шероз ХАБИЛЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходимлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn