Малакали кадрлар тайёрлаш — устувор вазифа
  • 28 Апрель 2015

Малакали кадрлар тайёрлаш — устувор вазифа

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Касбий маданияти юксак, юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш — асосий вазифамиз” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда истиқлол йилларида ички ишлар идоралари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2001 йил март ойидаги Фармони тизим фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Унга мувофиқ, жиноят қидирув, терроризмга қарши кураш, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари фаолияти бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириб борилаётир. Ушбу жараёнда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил июндаги Фармони билан Академияда Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслар ташкил этилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди. Ҳозирги пайтда бу курсларда криминалистика маркази, ўқув-дала машқ майдони, компьютер ва лингафон хоналари мавжуд. Улар ўқув жиҳозлари ва замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан тўлиқ жиҳозланган. Айни чоғда курсантлар жазони ижро этиш, ёнғин хавфсизлиги, йўл-патруль, патруль-пост хизмати, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш, қўриқлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишлари бўйича билим ҳамда малака оширмоқдалар. Ўтган давр ичида бу курсларни битирган сержантлар ҳозирги пайтда юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида самарали меҳнат қилишаяпти. Шу ўринда истиқлол йилларида ИИВ Академиясини кўплаб олий юридик маълумотли мутахассис ва раҳбар кадрлар битирганлигини айтиш зарур.
Академияда тингловчи ва курсантлар замон талаблари даражасида билим олиши учун жаҳон андозаларига мос ўқув ва моддий-техник база яратилган. Яъни бу ердаги инновацион педагогик технологиялар, тест,  одам савдоси ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш, криминалистик тадқиқотлар ўтказишни ўргатиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс марказлари, криминалистик полигон, намунали милиция таянч пункти ўқув маркази, тергов фаолияти мутахассислиги ўқув-методик хонаси, педагогик маҳорат мактаби, замонавий ахборот-коммуникация тизими билан жиҳозланган маъруза заллари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Тадбирда Академиянинг давлат ва жамоат ташкилотлари, қатор хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлиги, ушбу таълим муассасаси курсант ва тингловчилари турли соҳаларда эришаётган ютуқлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn