Тинчлик учун курашмоқ керак
  • 28 Апрель 2015

Тинчлик учун курашмоқ керак

— Президентимиз ташаббуси билан 9 майнинг Хотира ва Қадрлаш куни, деб белгилангани кўнглимиздагидек иш бўлди-да, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, элликқалъалик 96 ёшли Райимбой оға Раҳматов. – Бу билан урушда қанчадан-қанча гул йигитларнинг умри хазон бўлгани, уларни хотирлаш, даҳшатли кунларни бошидан кечирганларни қадрлаш каби халқимизга хос чинакам фазилатлар янада яққол намоён бўлаяпти.

Биласиз, авваллари бу сана енгил ўйин-кулги, ҳарбий дабдабабозлик, расмиятчилик билан ўтарди. Эртасига кўнгил хижил бўлиб юрарди, ахир бу Fалаба юз минглаб ҳамюртларимизнинг жони эвазига қўлга киритилган. Уларнинг руҳи бу ўйин-кулгилардан безовта бўлмайдими?..
Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан юртимиз бўйлаб уруш қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари ҳамда мустақил Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларидан хабар олиш, уларга давлатимиз раҳбарининг ҳурмат-эҳтироми, юксак эътибори рамзи бўлган медаль ва совғаларни топшириш мобайнида бир ибратли ҳолатга кўп дуч келдик. Оқсоқоллар бугунги осудаликнинг қадрини, осойишталикка кафил бўлган Юртбошимизнинг узоқни кўзлаган тинчликпарвар сиёсатини теран англаб, юракдан қўллаб-қувватлаб, керак бўлса, Ўзбекистон учун янада фидойи бўлишга тайёр эканликларини билдирдилар. Шафқатсиз уруш домидан, ажал чангалидан омон чиққан, дунёда кечаётган сиёсий жараёнлардан хабардор, ўзининг қатъий фикрига эга отахонларнинг мулоҳазалари мустаҳкам ҳаётий асосга эгалиги одамни ён-атрофга ва ўзига теранроқ назар ташлашга ундайди.
— Катта мажлисда Ислом Каримов бутун дунёга Ўзбекистон армияси четдаги урушларда қатнашмаслигини, юртимизга ҳарбий базалар киритилишига йўл қўйилмаслигини эълон қилди. Бу ҳақиқий халқпарвар, ватанпарвар раҳбарнинг қарори, — дейди Фарғона тумани Хонқиз қишлоғида яшовчи 92 ёшли Солижон ота Умаралиев. Қутлаш учун келган фаолларга, чарақлаб турган ёшларга бир-бир қараб отахон гапларини салмоқ билан давом эттиради. — Гоҳида биз узоқ, бегона юртларда нима учун, ким учун қон кечдик, деб ўйлаб қоламан. Фашизм балоси ёмон, бу офатга қарши урушиш соғлом фикрли ҳар қандай одамнинг бурчи эди. Лекин гап унга қандай қарши туришда. Мустабид тузум даврида тўғри йўл танланиб, одам қадри нималиги англанганида миллионлаб ғўр йигитлар ўққа учиб кетмасди. Аслида она сути оғзидан кетмаган, ҳатто илк ҳарбий кўникмаларни ўтамаган ёш-ялангнинг бештасига битта милтиқ бериб, ажал оғзига ҳайдаганларнинг ўзи ҳам фашистдан беш баттар эди...
— Ўзбекистоннинг бошида шундай раҳбар бор экан, тинчлик-осойишталигимизни ҳеч ким бузолмайди, — дейди уруш қатнашчиси Турсунбек Эсонбеков. — Чунки бу инсон тинчлик учун, Ватан учун жонини тиккан. Осойишталигимизни кўролмайдиган кучлар неча марта хуруж қилди, лекин Президентимиз ҳаммасига ҳар сафар қалқон бўлди. Қуролли Кучларимиз тинчлик гаровига айланди. Хизматга кетаётган йигитлар дуо тилаб, армиядан қайтганлари ҳол-аҳвол сўраб келишади. Уларнинг гап-сўзига қараб, армиямиз қанчалар ўзгарганини англаб тураман.
Ҳамроҳларимиздан бири отахоннинг сўзларидан таъсирланиб: “Булар тирик тарих, мана шундай гапларни видеотасвирга тушириб, имкон қадар кўпроқ ёшларга кўрсатиш керак. Булар ҳам ғанимат”, деди. Яна йўлга тушдик. Шоир таъбири билан айтганда, “Пўлат яғринларни кўтарган қирлар кўм-кўк...” Далаларда ям-яшил буғдойлар тиззага уради, пайкалларда чигит униб, арқон-арқон бўлиб саф тортган. Ҳамма иш билан банд. Ҳамма ширин ташвиш билан овора.
Узоқ умр кўришнинг сабаби доимий ҳаракатда, меҳнатда, дейдилар. Олтиариқликларнинг соҳибкорлигини яхши биласиз. Бугун бу туман аҳли нафақат ишбилармонлиги, деҳқончилиги, балки юз ёшдан ошган отахону онахонлари билан ҳам тилга тушди. Ҳанифахон ая Мамажонова уч асрнинг, иккита минг йилликнинг гувоҳи. Паспортида 1895 йилда туғилганлиги қайд этилган. Бир қарашда ишонгинг келмайди. “Биз ёзув-чизувга, ҳужжатларга бепарвороқмиз-да, ака — дейди вилоят фаолларидан бири Fайратжон Абдуллаев. — Бир ойча бурун сайёрамизнинг энг кекса фуқароси япониялик 117 ёшли аёл вафот этганлиги ҳақида хабар тарқалганди. Бизнинг онахон эса, кўриб турибсизки, 120 ёшда. Ўзбекистон аллақачон узоқ умр кўрувчилар мамлакатига айланган. Бу тинчлик-хотиржамликнинг, фаровонликнинг, тиббий шарт-шароит яхшиланганлигининг меваси. Шунча асосимиз бор-у, лекин ёлчитиб мақтанишни ҳам билмаймиз”.
Жўрак қишлоғининг ўзида 114 ёшга кирган икки нафар табаррук онахон истиқомат қилади. Бири Ойимчахон Ҳамраалиева, иккинчиси Хадича ая Эргашева.
— Бизни қадрлаганни Яратганнинг ўзи қадрласин. Бир умр далада кетмончи бўлиб ишлаганман. Аммо рўшноликни яқин ўтган йилларда кўрдим. Бизни фақат байрам кунлари эмас, ҳар доим йўқлашади. Алоҳида духтир бириктирилган. Дори-дармонларимиз бепул, — дея миннатдорлик билан гапиради Хадича ая. Ҳамон тетик, гап-сўзлари жойида бу нуроний онахоннинг ҳозиржавоблиги ҳаммамизни қойил қолдирди. Менинг “Аяжон, 150 ёшга кириб бутун дунёни бир ҳайрон қолдирмайсизми?” деган саволимга “Энди яшайдиган давримиз келди-ку. Замон тинч, дастурхонимиз тўкин, Юртбошимиз омон бўлса, юз эллик йил нима бўпти”, дейди ўзи ҳам жилмайиб Хадича ая.
Хотира ва қадрлаш, деб аталмиш беқиёс айём олдидан юртимизнинг қайси бир гўшасида бўлмайлик — Тошкентдами, Хивадами, Андижон ё Сурхондами, тилак битта, дуо битта: тинчлик бўлсин, осойишталик бўлсин, юртимизга кўз тегмасин. Хулоса битта — энг катта бойлигимиз, барча юксалишлар асоси бўлган тинчлик учун ҳаммамиз масъулмиз, ҳаммамиз курашмоғимиз шарт!


Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn