Ҳамиша меҳр ва эътибор оғушида
  • 23 Апрель 2015

Ҳамиша меҳр ва эътибор оғушида

Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи 96 ёшли Убайдулла Зубайдовнинг хонадонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари совға-саломлар билан ташриф буюриб, отахоннинг ҳолидан хабар олишди.

Пири бадавлат бу инсонга қўни-қўшни, маҳалладошлар ҳузурида “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофоти тантанали тарзда топширилди. Эътибор ва ғамхўрликдан хурсанд бўлган отахон Кексаларни эъзозлаш йилида амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлардан беҳад миннатдор эканини билдирди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг шу йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 6 мартдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари асосида Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ана шундай тадбирлар кўтаринки руҳда, юксак савияда ташкил этилаяпти.
— Юртимиздаги тинчлик-фаровонликка кўз тегмасин, — дейди уруш қатнашчиларидан яна бири Нўғмон Ғуломов. — Шукр, шундай кунларни кўриш бизга насиб этди. Мустақиллик шарофати билан турмушимизга барака кирди, шаҳару қишлоқларимиз обод бўлди. Бугун кексаю ёш бирдек ардоқланаяпти. Ўзимиздан қиёс. Давлатимизнинг ғамхўрлигини доимо ҳис этиб турамиз. Нафақат байрамларда, балки ҳамиша маҳалла фаоллари, жамоатчилик ташкилотлари ҳолимиздан хабардор. Шу боис ҳам ёшларга насиҳат қилганда, “Дориламон кунларнинг қадрига етинглар, юртимизга муносиб фарзанд бўлинглар”, дея уқтирамиз.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини тақдирлашга бағишланган асосий тадбирлардан бири “Бухоро” маросимлар уйида ўтказилди. Кечада уруш ва меҳнат фронти фахрийларига эсдалик юбилей медаллари ҳамда пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоятнинг бошқа жойларида ҳам ана шундай тадбирлар уюштирилаётир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn