Долзарб масала муҳокамаси
  • 23 Апрель 2015

Долзарб масала муҳокамаси

Ички ишлар вазирлиги Академиясида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда “Терроризмга трансмиллий таҳдид сифатида қарши кураш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

“Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур анжуманда халқаро тузилмалар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбир очилишида сўз олган ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-майор Ш. Икромов, ЕХҲТ Котибиятининг Трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш департаменти директори А. Лиженков, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари А. Миттал, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф. Дадахўжаев, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори ўринбосари В. Буров, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Д. Сабо ва бошқалар халқаро конференция мавзуси бугун ниҳоятда муҳимлигини ҳамда бу борада дунёдаги барча тараққийпарвар кучлар ҳамкорлиги зарурлигини алоҳида қайд этишди.
Конференцияда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ҳамда ЕХҲТ Котибияти мутахассислари маърузалари тингланди.
Уларда сўнгги пайтда жаҳоннинг барча минтақаси, шу жумладан, Яқин Шарқ мамлакатларида кузатилаётган халқаро террористик тузилмалар фаолиятидаги хатарли кўринишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, бу борада мамлакатимизда турли даражадаги таҳдидларга қарши туриш ҳамда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилаётгани, айниқса, Президент Ислом Каримовнинг БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларидан туриб, Ўзбекистоннинг трансмиллий ва глобал таҳдид сифатидаги терроризмга қарши кураш борасидаги ташаббуслари ҳақида билдирган фикрлари жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланаётганига кенг урғу берилди. Зотан, терроризмга қарши кураш билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳаракат қилмай туриб, қисқа муддатда ҳал этиш мушкул. Шу боис уларга ечим топиш учун, Юртбошимиз таъкидлаганидек, барча тараққийпарвар, жумладан, халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг кучларини бирлаштириш, терроризмнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига қарши туриш, уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг биргаликда амалга оширилиши ҳамда ушбу хатарли таҳдидларнинг келиб чиқиш сабаб ва шароитларини ўз вақтида аниқлаб, бартараф этиш айни заруратдир.
— Жаҳоннинг турли минтақаларида рўй бераётган хатарли воқеаларни кузата туриб, Ўзбекистон раҳбари томонидан доимо илгари суриб келинаётган миллий хавфсизликни таъминлашга оид ташаббуслар нечоғли долзарб ва ўринли эканлигига яна бир карра амин бўласан киши, — дейди БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал хоним. — Мазкур йўналишда юртингизда эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Менда, айниқса, катта таассурот қолдиргани, терроризмга қарши профилактик тадбирлар изчил йўлга қўйилгани бўлди. Муҳими, бундай чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Яъни мамлакат аҳолиси, хусусан, ёшларингизнинг бундай қўпорувчи гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олди олинаётир. Конференция асносида жаҳон, шу жумладан, Ўзбекистонда тўпланган бошқа илғор тажрибалар билан ҳам яқиндан танишдик. Бу иш фаолиятимизни яна такомиллаштиришда қўл келади, деб ҳисоблайман.
Анжуманда терроризмга қарши курашнинг халқаро ва миллий ҳуқуқий асослари, халқаро ва минтақавий миқёсдаги аксилтеррор кучларнинг биргаликдаги ҳаракатини мувофиқлаштириш, шунингдек, терроризмга қарши курашнинг қонунчиликда тартибга солиниши миллий тажриба асосида кўриб чиқилди. Бундан ташқари, БМТнинг Хавфсизлик кенгаши халқаро терроризмга қарши кураш соҳасидаги резолюцияларининг асосий қоидалари, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясининг амалга оширилиши, терроризмга қарши курашда минтақавий тузилмалар, шу жумладан, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолияти, минтақавий ва миллий хавфсизликка хавф туғдираётган экстремизм ҳамда радикализм, трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш каби қатор долзарб масалалар ҳам таҳлил қилинди.
— Мамлакатимизда халқаро терроризмга қарши курашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган, — дейди ИИВ Академиясининг Катта илмий ходимлар-изланувчилар институти катта илмий ходим-изланувчиси, юридик фанлар номзоди Даврон Миразов. — Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги ҳамда “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонунлари шулар жумласидандир. Ўз навбатида, бир қатор халқаро ҳужжатлар парламент томонидан ратификация қилинган. Буларнинг барчаси ушбу хатарга қарши самарали кураш олиб боришда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар илгари сурилди. Бу, албатта, ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларини бугунги кун талаблари даражасига кўтаришда айни муддаодир.
Халқаро илмий-амалий конференцияда минтақавий, глобал беқарорликка олиб келувчи терроризмнинг тарқалиши билан боғлиқ хавфли тенденцияларга йўл қўймаслик, шу каби бошқа хавф-хатарларга қарши курашиш, ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган ҳаракатларни мувофиқлаштириш, жумладан, ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш билан боғлиқ зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn