Сайёрамизни келажак учун асраб-авайлайлик
  • 22 Апрель 2015

Сайёрамизни келажак учун асраб-авайлайлик

22 апрель — Халқаро Ерни муҳофазалаш куни сифатида нишонланиши яхши анъанага айланган. Шу муносабат билан ҳар йили халқаро ҳамжамият сайёрамизни асраб-авайлаш, инсоният эътиборини мавжуд муаммоларга қаратиш мақсадида турли тадбир ва акциялар ўтказиб келмоқда.

Маълумки, Президентимиз БМТ юксак минбаридан туриб жаҳон ҳамжамиятини этник ва диний низоларга, қашшоқликка қарши курашишда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби глобал муаммоларга ечим топишда биргаликда ҳаракат қилишга чақирган. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳам ўз мурожаатида қайд этганидек, бизнинг мавжудлигимизни таъминлайдиган сайёрамиз билан ўзаро алоқаларимиз ҳақида ҳар йили ўйлаймиз. Биз нафас олаётган ҳаво, ичаётган сув, истеъмол қиладиган озуқа манбалари асоси бўлган Ер инсоният фаолиятининг ўсиб бораётган таъсирини бошдан кечираётган нозик экотизимдир.
Кишилик тарихининг бутун даврида одамлар табиат инъомларидан фақатгина ўз фаровонлиги ва ривожланиши йўлида фойдаланиб келган. Биз табиатдан тез-тез олиб, ўрнига ҳеч нарса бермадик. Ҳозир башарият табиатдан нооқилона фойдаланиш оқибатлари гувоҳига айланаяпти. Иқлим ўзгариши ва озон қатламининг емирилиши бунинг яққол мисолидир. Борлиғимиз асоси, Ер ҳаётида биохилмахилликнинг шиддат билан йўқолиб бориши рўй бераётир. Чучук сув ва денгиз акваторияларининг ифлосланиши тобора ортиб бораяпти.
Ўзбекистонда мустақилликка эришилганидан сўнг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг муҳим институционал ҳамда ҳуқуқий базаси яратилди. Давлатимиз Иқлимнинг ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси, Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги, Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциялар ҳамда атроф-муҳит  ҳимоясига доир бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилди. Улардаги дастлабки мажбуриятларни бажариш билан мазкур эзгу мақсад рўёбига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг халқаро принципларидан келиб чиқиб, юртимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилига асосланган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ҳаётга босқичма-босқич татбиқ этилар экан, бунда ижтимоий ҳамда экологик муаммоларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар ҳам кўрилмоқда. Соҳадаги қонунчилик асослари изчил такомиллаштириб борилаётир. 
Ўзбекистоннинг табиий-ресурс, интеллектуал, иқтисодий салоҳияти кўлами унинг миллий ҳамда минтақавий экологик муаммоларни ечишдаги устувор ва муҳим ўрнини белгилаб беради. Республикамиз халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида мамлакат экологик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида атроф-муҳит, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, шунингдек, экологик сиёсатни юритмоқда. Марказий Осиё минтақасида биосфера функцияларини таъминлаб туришда ҳал қилувчи роль ўйнаяпти.
Ўзбекистон Мингйиллик Декларациясини имзолаган ҳолда, ундаги мақсадларнинг миллий барқарор ривожланиш кесимидаги аҳамияти ва муҳимлигини тан олиб, шу бўйича ўз мажбуриятларини бажариб келаяпти. Экологик муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан бир қатор муҳим стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилди. “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Миллий ҳаракат режаси”, “Атроф-муҳит гигиенаси бўйича Миллий ҳаракат режаси”, “Ўзбекистон Республикасининг биологик ранг-барангликни сақлаш бўйича Миллий стратегияси ва ҳаракатлар режаси”, “Қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури”, “Қайта тикланувчи энергия бўйича Миллий стратегия” шулар жумласидандир. Уларнинг бажарилишини таъминлаш учун атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича яқин истиқболга мўлжалланган тегишли ҳаракат дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётир.
Айни чоғда БМТнинг Иқлимнинг ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси Киото протоколи Мусаффо ривожланиш механизми доирасида БМТ Тараққиёт дастурининг техник кўмагида “Ўзбекистонда Мусаффо ривожланиш механизми салоҳиятини яратиш” лойиҳаси амалга оширилаяпти. Биологик ранг-барангликни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, муқобил энергия манбалари ҳамда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, шунингдек, ер ресурсларини самарали бошқариш соҳасида ишлар олиб борилмоқда.
Атроф-муҳит сифати яхшиланаётгани Ўзбекистоннинг экологик сиёсати натижаларидан биридир. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, истиқлол йилларида юртимизда атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг ташланиши 2,1 баробар, ташланаётган ифлосланган чиқинди сувлар ҳажми икки баробар озайди. Пестицидлардан фойдаланиш 5 мартадан зиёд камайди. Экин майдонлари тизимида пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига дон, сабзавот, полиз ва картошка экинлари солиштирма салмоғини кўпайтириш тенденцияси ўрнатилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига қараганда, бугунги кунда пахта экини майдонлари сезиларли даражада камайтирилиб, умумий экин майдонларининг 30 фоизига яқинини ташкил этаётир. Суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорлик даражасини ошириш ҳамда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилашга қаратилган тадбирлар фаоллик билан амалга оширилмоқда. Ноёб флора ҳамда фауна олами, қолаверса, биохилмахиллик генофондини сақлаш учун миллий қўриқхона, боғ, буюртмахона ва экомарказлар ривожлантирилмоқда.
Бизнинг фикримизча, амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатимизда ижтимоий, иқтисодий ва экологик соҳаларда барқарор ривожланишни таъминлаб, ҳар бир фуқаронинг мусаффо атроф-муҳитга бўлган асосий ҳуқуқларини мустаҳкамлайди, она-Ер бойликларидан ҳозирги авлод эҳтиёжлари учун келгуси авлод манфаатларига зиён етказмаган ҳолда оқилона фойдаланиш имконини беради.

 

Борий АЛИХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Сергей САМОЙЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn