Халқаро ҳамкорлик ва тажриба
  • 22 Апрель 2015

Халқаро ҳамкорлик ва тажриба

Пойтахтимизда 22 — 24 апрель кунлари “Central Asia — 2015” — “Фан, таълим, маданият ва бизнесда ахборот-кутубхона ресурслари” IX Халқаро анжумани бўлиб ўтади. Бу ҳақда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида журналистлар учун ташкил этилган тадбирда маълум қилинди.

Анжуман Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Халқаро анжуманда юртимиз ва хорижий давлатларнинг турли йўналишдаги кутубхоналари раҳбарлари, мутахассислар ҳамда китобхонлар иштирок этади.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшларимизнинг замонавий билимларни пухта эгаллашини таъминлаш, уларнинг маънавиятини янада бойитиш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган кўплаб ибратли ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, замонавий меъморий ечимга эга, минтақада ягона саналган Ўзбекистон Миллий кутубхонасида қатор қулайликлар мавжудки, буларнинг барчаси баркамол авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро конференция доирасида турли танловлар, қизиқарли учрашув ва давра суҳбатлари, маърифий тадбирлар ўтказилиши, кўргазма ҳамда фильмлар намойиши кўзда тутилган. Шунингдек, таниқли ёзувчи-шоирлар, рассомлар, санъаткорлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ва чет эллик мутахассислар иштирокида хорижий тиллар куни ташкил этилади.


Д. АБДУРАИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn