Тадбиркорлик ривожи — тараққиёт гарови
  • 15 Апрель 2015

Тадбиркорлик ривожи — тараққиёт гарови

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган туб ислоҳотлар иқтисодиётимиздаги чуқур таркибий ўзгаришларнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Натижада соҳа вакиллари учун кенг имконият ҳамда имтиёзлар яратилиб, улар томонидан тайёрланаётган рақобатбардош маҳсулотлар ички ва ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллаяпти. Табиийки, ана шу жараёнда мамлакатимиздаги тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредит маблағлари ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Хусусан, Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар қамровини кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда.

Маълумки, молия муассасаларининг инвестициявий фаолияти уларнинг салоҳияти, хизмат кўрсатиш даражасини белгиловчи мезондир. Зеро, каттаю кичик корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқаришни барқарорлаштириш ҳамда кенгайтиришда бевосита банклар кўмагига таянадилар. Мазкур ҳаётий талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, “Асака” давлат-акциядорлик тижорат банки жамоаси ҳам ишбилармонларимизни қўллаб-қувватлаш, саноат тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш орқали маҳаллий маҳсулотлар тайёрлаш ҳажми ва сифатини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Чунончи, жорий йилнинг биринчи чорагида молия муассасаси томонидан ушбу мақсадлар рўёби учун жами 255,5 млрд. сўмдан зиёд кредитлар ажратилди. Шундан 25,9 млрд. сўми аёллар тадбиркорлиги, 39,5 млрд. сўми хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, 2,2 млрд. сўми оилавий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш, 1,4 млрд. сўми таълим муассасалари битирувчилари бизнес-лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, 137,4 млрд. сўми озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчи ишбилармонлар лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди. Жами сармояларнинг 18,8 млрд. сўмини микрокредитлар ташкил этди. Пировардида кўплаб иш ўринлари яратилиши баробарида, жойларда янги-янги хизмат кўрсатиш муассасалари ташкил этилди, маҳаллий маҳсулотлар ҳажми ортиб, ички бозор арзон ва сифатли истеъмол товарлари билан тўлдирилди.
Бинобарин, хотин-қизларни иқтисодиётимиз тармоқлари, жумладан, оилавий бизнесга жалб этишга қаратилган чора-тадбирлар ижросида ҳам “Асака” банки ўз сармоялари билан фаол иштирок этмоқда. Жорий йилнинг март ойида пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо” марказида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankEXPO — 2015” VIII миллий кўргазмасида мазкур молия муассасасининг “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватловчи энг яхши банк” номинацияси ғолиби, деб топилгани ҳам буни яққол тасдиқлайди. Умуман, банк томонидан йил давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун жами 1 трлн. 168 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиши режалаштирилган. Бу эса кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбига кенг йўл очади, деганидир.
Буни мазкур молия муассасаси кредитларидан унумли фойдаланиб, ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйган тадбиркорларнинг қуйидаги дил сўзларидан ҳам билиш мумкин.

Абдурашид ФАТТАЕВ, Самарқанд шаҳридаги “Afrosiyob parranda” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
— Давлатимиз томонидан банк тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани молия муассасалари томонидан тақдим қилинаётган хизмат турлари кўпайишида муҳим ўрин тутмоқда. Биз ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланиб, фаолиятимизни кенгайтириб бораяпмиз. Корхонамиз паррандачиликка ихтисослаштирилган. Ўтган даврда “Асака” банки кредитлари асосида янги лойиҳаларни рўёбга чиқардик. Ажратилган сармоя эвазига замонавий ускуналар харид қилдик. Ўз навбатида, ҳамшаҳарларимиздан 8 нафарини иш билан таъминладик. Келгусида янги йўналишларда ҳам бизнес-режаларни амалга оширишни мўлжаллаяпмиз. Бунда, албатта, яқин ҳамкоримиз — “Асака” банки кўмагига таянамиз.

Отақул ЖОНҚУЛОВ, Қарши туманидаги “Қашқадарё балиқчилик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
— Қарши туманидаги сув ҳавзаларида ҳар мавсумда қарийб 380 минг дона зоғора, оқамур каби балиқ турларини етиштирамиз. Бироқ уларни аҳолига сифатли ҳолда етказиб бериш борасида бир оз қийналаётгандик. Шу боис замонавий музлаткич барпо этиш мақсадида “Асака” банкига мурожаат қилдик. Муассаса мутасаддилари қисқа муддатда лойиҳамизни кўриб чиқиб, молиялаштиришга қарор қилди. Шу тариқа банк кредитига ўз сармоямизни қўшиб, фаолиятимиз самарадорлигини оширишга эришдик. Ўз навбатида, тўртта қўшимча иш ўрни яратилди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, вилоятимизда балиқчилик тармоғи жадал суръатлар билан ривожланаяпти. Янги музлаткичимиз вилоятимиз аҳолиси дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ғайратжон МИРЗАЖОНОВ, ёш тадбиркор (Олтиариқ тумани):
— Коллежни битириш арафасида менда тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги туғилди. Ана шу даврда мустақил ҳаётга қадам қўяётган биз, ёшларни қўллаб-қувватлаш учун “Асака” банки ходимлари ўқув муассасамизга келишди. Мулоқот чоғида банк томонидан тақдим этиладиган кредит маблағлари асосида ўз бизнесимизни бошлашимиз мумкинлигидан хабардор бўлдик. Шундан сўнг молия муассасаси кўмагида  томорқа хўжалигимизда иссиқхона ташкил қилиб, туманимиз аҳолисининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга киришдик. Ҳозир даромадимиз ҳисобидан фаолиятимизни кенгайтириш чораларини кўраяпмиз. Албатта, бундай имкониятни яратиб беришга ҳисса қўшгани учун “Асака” банки жамоасига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

Феруза НИШАНОВА, “Наслли Кумуш Курка” фермер ҳўжалиги раҳбари (Сирдарё вилояти):
— “Асака” банки — энг яқин ҳамкоримиз. Унинг молиявий кўмаги туфайли кўплаб ютуқларга эришдик. Жамоамиз сафига яна 8 нафар киши қўшилди. Ҳозир хўжалигимизда етиштирилаётган тухум ва гўшт маҳсулотлари маҳаллий истеъмолчиларга арзон нархларда етказиб берилмоқда.
Тадбиркорликнинг қирралари кўп, имкониятлари эса беқиёс. Келгусида халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш йўлида мавжуд имкониятларимизни ишга соламиз. Албатта, навбатдаги истиқболли лойиҳаларимиз рўёбида ҳам “Асака” банки сармоялари ҳал қилувчи ўрин тутишига ишонамиз.

Ким Санг ИЛ,  “UzSungWoo” қўшма корхонаси бош директори (Андижон вилояти):
— Ўзбекистон — юксак иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат. Юртингизда яратилган қулай ва жозибадор инвестициявий муҳит чет эллик сармоядорларни ўзига тобора кенгроқ жалб қилмоқда. Таҳлилларимизга кўра, юртингизда барча тармоқлар, шу жумладан, автомобилсозлик саноатини янада жадал ривожлантириш учун барча имконият мавжуд. Зеро, миллий автомобилларингиз сифати ва хавфсизлиги жиҳатидан жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб беради. Меҳнат ресурслари, бой хом ашё базаси, аҳолининг юқори талаб ҳамда эҳтиёжи ва давлат кўмаги сингари муҳим омиллар бу тармоқ ғоятда истиқболли эканлигини тасдиқлайди.
Шу сабабли 2011 йилда “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси маҳсулотлари учун эҳтиёт қисмлар тайёрлашни йўлга қўйдик. Фаолиятимизни кенгайтиришда “Асака” банки хизматларидан фойдаланишни маъқул, деб топдик. Негаки, ушбу молия муассасаси “Fitch Ratings” ва “Moody’s” сингари дунёга машҳур халқаро рейтинг агентликлари томонидан бир неча йиллардан бери юқори рейтинг баҳоларига сазовор бўлиб келаяпти. Унинг фаолияти “Барқарор” деб тан олинаётгани эса мижозлари сафи кенгайишига хизмат қилмоқда.   
Бунга амалда бир неча бор гувоҳ бўлдик. Банк ходимлари қисқа муддатда бизнес-режамизни кўриб чиқиб, молиялаштирди. Унинг кредити туфайли маҳсулотларимиз ҳажмини бир неча баробар кўпайтиришга ва сифатини яхшилашга муваффақ бўлдик. Чунончи, ўтган йили “GM Uzbekistan” автомобиллари учун 80 мингдан ортиқ эҳтиёт қисмлар жамланмасини етказиб бердик, шунингдек, 100 дан зиёд иш ўринлари яратдик. Ушбу банк билан келгусида ҳамкорлигимизни янада изчил давом эттиришдан манфаатдормиз.

Рустам АБИДОВ, Тошкент шаҳридаги “BekMega Textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
— Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун кенг имкониятлар яратилган. Бунинг самараси қишлоғу маҳаллаларимиз ободлиги, иқтисодиётимиздаги юқори ўсиш суръатлари, бозорларимиз тўкинлиги, дастурхонимиз файзу баракасида яққол намоён бўлади. Қолаверса, аҳоли эҳтиёжидан ортган маҳсулотларимизни чет элга сотиш орқали мамлакатимиз экспорт салоҳияти йил сайин юксалиб бораяпти. Бунда, оз бўлса-да, ҳиссамиз борлигидан фахрланамиз.
Корхонамизда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Эришган муваффақиятларимиз “Асака” банкининг молиявий кўмаги билан чамбарчас боғлиқ. Чунки фаолиятимизни ривожлантириш учун етарли тажрибага эга бўлсак-да, бизнес лойиҳаларимизни сармоясиз амалга ошириб бўлмасди. Шу боис замонавий ускуналар харид қилиш мақсадида молия муассасасига мурожаат этдик. Банк ходимларига лойиҳамиз маъқул тушди. Тез орада маблағ ажратилди. Пировардида модернизациялаш тадбирларини муваффақиятли якунлаб, ишлаб чиқариш ҳажмини бир неча баробар кўпайтирдик. Ҳозир жаҳон талабига мос юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлаб, республикамиздаги ва хориждаги истеъмолчиларга етказиб бераяпмиз. Бинобарин, банк кредитлари ҳисобига 50 га яқин янги иш ўринлари яратиб, асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминладик.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Асака” давлат-акциядорлик тижорат банки айни кунларда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатини кенгайтириш йўлида қизғин фаолият юритмоқда. Бу эса унинг мамлакат молия бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.


Банк материаллари асосида Ф. БЎТАЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn