Суғурта бозори ривожланмоқда
  • 15 Апрель 2015

Суғурта бозори ривожланмоқда

Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шароитида суғурта хизматларига бўлган талаб ошиши табиий. Шу боис мамлакатимизда суғурта соҳасини ривожлантириш, тақдим этилаётган суғурта маҳсулотларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада суғурта бизнесини юритиш учун халқаро амалиётга мувофиқ келадиган барча шарт-шароит яратилгани кутилган натижаларни бераётир.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидландики, кўрсатилаётган суғурта хизматлари кўламини кенгайтириш, сифатини яхшилашда “Ўзбекинвест” суғурта компанияси муносиб ҳисса қўшаяпти. Халқаро суғурта бозорининг фаол иштирокчиси саналган мазкур компания 14 та ҳудудий филиали, 125 та ҳудудий бўлинмаси, шунингдек, мингга яқин суғурта агентларига эга. Улар орқали юртимизнинг барча минтақасида жаҳон амалиётида қўлланиладиган 100 дан ортиқ анъанавий суғурта хизмат турлари тақдим этилмоқда. Пировардида сўнгги беш йил ичида суғурта мукофотлари ва суғурта қопламалари деярли 3, олинган суғурта мажбуриятлари қарийб 13, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини суғурталаш бўйича мажбуриятлар эса олти баробар ўсди.
Компания томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастуридан келиб чиқиб, кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш, тиббий суғурта бўйича шартномалар тузишда нуроний кишилар учун чегирмалар таклиф этилмоқда. Шу каби янгиликлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам асосий кўрсаткичлар бўйича ўсиш суръатлари таъминланди. Масалан, олинган суғурта мажбуриятлари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 49 фоиз, йиғилган суғурта мукофотлари эса 32 фоиз ўсди.
Тадбирда компания томонидан халқаро суғурта тузилмалари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари, мажбурий суғурта турлари, суғурта даъволарини тартибга солишга доир масалалар бўйича атрофлича маълумот берилди.


С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn