Журналистлар учун семинар
  • 15 Апрель 2015

Журналистлар учун семинар

Нукусда БМТ Тараққиёт дастурининг “Орол денгизи инқирози натижасида жабрланган аҳолининг ҳаёти ва фаолиятини таъминлаш” лойиҳаси доирасида “Экологик журналистика — барқарор ривожланиш сари” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбир ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Урганч давлат университети ва Хоразм агромаслаҳат маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
— Айни пайтда кенг жамоатчиликни мавжуд экологик муаммолардан хабардор қилишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс, — дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизмати раҳбари Эркин Омонов. — Қолаверса, журналистлар аҳолида экологик маданиятни шакллантиришда ҳал қилувчи кучга эгадир.
Тадбирда жаҳондаги экологик ҳолат ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди. Хусусан, дунё аҳолиси сонининг ортгани туфайли балиқ овлаш йилига 18 миллион тоннадан 100 миллион тоннага кўпайди. Ушбу маҳсулот захирасининг 75 фоизи бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида. Ер юзида фойдаланиладиган сувнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Бутун сайёрамиз бўйича ҳар катта ўнинчи дарё қуйиладиган денгизга етиб бормаяпти.
Орол денгизининг қуриган қисми ўрнида 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда саҳро пайдо бўлди. Ундан кўтарилаётган чанг ва заҳарли тузлар нафақат мазкур ҳудуд, балки қўшни олис минтақаларга ҳам хавф туғдирмоқда.  Тадбирда она-табиатни асраб-авайлаш ҳар бир инсон зиммасидаги масъулиятли вазифа эканлиги таъкидланди.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn