Изланувчан ишбилармонларга беқиёс рағбат
  • 15 Апрель 2015

Изланувчан ишбилармонларга беқиёс рағбат

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган “Ташаббус — 2015” кўрик-танловининг туман (шаҳар) босқичи бошланди.

Маълумки, истиқлол йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳамда ҳунармандчилик соҳалари нафақат иқтисодиётимизнинг етакчи бўғини, балки давлатимиз ва жамиятимиз ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган асосий кучга айланди. Айниқса, бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулот ҳамда хизматлар билан тўлдириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлашда уларнинг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектларининг умумий сони 195 мингдан зиёдни ташкил этиб, уларнинг ялпи ички маҳсулотни шакллантиришдаги улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56 фоизга ўсгани бунга асос бўла олади.
Ўз навбатида, фермер ва ҳунармандлар ҳам ташаббускорлиги ва изланувчанлиги туфайли аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, даромадини кўпайтириш пайидан бўлмоқдалар. Чунки давлатимиз томонидан бизнес юритиш учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар уларни истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга руҳлантирмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови кичик ва ўрта синф вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ҳамда маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, илғор тажрибаларини оммалаштириш, ёшларда тадбиркорликка иштиёқ уйғотишга хизмат қилаётир. Сабаби, у республикамизда фаолият кўрсатаётган энг илғор тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар учун нафақат беллашув, балки ўзаро тажриба алмашиш, фаолиятига замонавий технологиялар, инновацион ишланмаларни жалб этиш, жаҳон бозорига чиқиш учун иқтисодий сабоқ вазифасини ўтаяпти. Ишбилармонларнинг унга бўлган қизиқиши тобора кучайиб, иштирокчилар сони йил сайин кўпайиб бораётганининг боиси шунда.
Ушбу нуфузли кўрик-танловни бу гал ҳам юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси, шунингдек, тегишли вазирлик ҳамда идоралар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 18 мартдаги “Ташаббус — 2015” кўрик-танловини ўтказишга доир фармойиши дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур ҳужжатга кўра, танловнинг дастлабки, яъни туман (шаҳар) босқичи жорий йилнинг 23 апрелигача, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари эса 8 майгача ўтказилиши режалаштирилган. Унда ғолибликни кўлга киритган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар якуний босқичда ўзаро беллашадилар. Улар орасидан Президент соврини учун энг муносиб номзодни саралаб олиш мақсадида пойтахтимизда
28-29 май кунлари иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиши, ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими эса 2015 йил
11 июнь куни ўтказилиши мўлжалланмоқда.
Айни кунларда жойларда “Ташаббус — 2015” республика кўрик-танловининг дастлабки босқичлари қизғин тарзда уюштирилмоқда. Унда “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари ва кўплаб қўшимча номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, танловнинг кейинги босқичларида қатнашиш учун йўлланмалар тақдим этилаяпти.
Кеча Тошкент шаҳрининг Бектемир, Миробод ва Яшнобод туманларида кўрик-танловнинг қуйи босқичи бўлиб ўтди. Жумладан, Миробод туманида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари орасидан 12 таси, ҳунармандлардан эса саккиз нафари  дастлабки босқичда ўз омадини синовдан ўтказди. Улар томонидан ташкил этилган кўргазмада кенг жамоатчилик вакиллари, туман аҳолиси ва меҳмонлар жам бўлди. Ташриф буюрувчилар бу ерда турфа хилдаги саноат маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмлари билан яқиндан танишиб, барча маҳсулотлар сифат кўрсаткичлари жиҳатидан хорижники билан бемалол рақобатлаша олишини эътироф этдилар.
“Asal Plastik” корхонаси — пойтахтимиздаги илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири. Полиэтилен буюмлар, қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган мазкур корхона 2009 йилда тузилган бўлиб, Хитой, Италия каби давлатларнинг энг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган. Улар ёрдамида 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда.
— Бугун тадбиркорларнинг эмин-эркин фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароит яратиб берилган, — дейди ушбу корхона раҳбари Акром Миркомилов. — Уларнинг фаолиятига асоссиз аралашишга йўл қўйилмаяпти, ҳисоботлар тегишли ташкилотларга электрон равишда тақдим этилмоқда, кредитлаш тизими соддалаштирилгани эса барчага маъқул бўлаяпти. Биз ҳам бу каби имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот сифатини янада яхшилашга ҳаракат қилаяпмиз. 
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу йилги танлов шу каби   кўплаб салоҳиятли ишбилармонларни кашф этаяпти. Иштирокчиларнинг фаолиятини баҳолашда нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичи, балки янги иш ўринлари яратилгани, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилгани каби жиҳатлар ҳам инобатга олинди. Ахир ғолиблар танловнинг шаҳар босқичида туман шарафини ҳимоя қилишади-да. “Ташаббус — 2015” республика кўрик-танловининг туман (шаҳар) босқичи мамлакатимизнинг барча ҳудудида давом этмоқда.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn