Академик Абатбай Даулетов
  • 09 Апрель 2015

Академик Абатбай Даулетов

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Қорақалпоқ тилшунослиги бўйича йирик олим, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Абатбай Даулетов 7 апрелда 73 ёшида вафот этди.

А. Даулетов 1942 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида туғилди. 1964 йилда Қорақалпоғистон давлат педагогика институтини тугатиб, шу даргоҳда ўқитувчи бўлиб иш бошлади. Сўнгра Ленинград давлат университети аспирантурасида таҳсил олди. 1972 йилда номзодлик, 1992 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Жонкуяр ва фидойи олим ўзининг 50 йиллик илмий фаолияти давомида Қорақалпоқ давлат университетида доцент, кафедра мудири, факультет декани, профессор лавозимларида ишлади. Қорақалпоқ тилшунослигига оид долзарб масалаларни тадқиқ этиш, илм-фаннинг мазкур йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
Унинг қорақалпоқ тилининг назарий ва амалий масалаларига бағишлаб ёзган ўнлаб монография, мақола ва рисолалари, илмий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари кенг жамоатчиликка яхши маълум.
Заҳматкаш олим ўз фаолияти давомида жонкуяр устоз сифатида ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланди.
Йирик олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Абатбай Даулетовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

И. КАРИМОВ, Н. ЙЎЛДОШЕВ, Н. ИСМОИЛОВ,
Ш. МИРЗИЁЕВ, М. ЕРНИЯЗОВ, Ш. СОЛИҲОВ

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тезкор ва фойдали Жасорат, бурч, матонат »