Тезкор ва фойдали
  • 09 Апрель 2015

Тезкор ва фойдали

“UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази томонидан миллий ахборот-қидирув тизими (www.uz) янги талқинда фаолият юритмоқда.

Унда фойдаланувчилар учун бир қанча қулайликлар яратилган. Масалан, бош саҳифада юртимиз интернет тармоғига оид маълумотлар билан танишиш мумкин. Хусусан, у ерда ресурслар ва интернет тармоғи миллий сегментида мавжуд саҳифалар, веб-сайтлар сони ҳақидаги маълумотлар, рўйхатга олинган сайтлар рейтинги, ташриф буюрувчиларга оид статистика кўрсаткичлари, мобиль қурилмалардан фойдаланувчилар фоизига доир маълумотлар киритилган.
Сайтнинг бўлимлари қатор янгиликлар билан бойитилган.  Жумладан, “Шахсий кабинет” саҳифаси орқали энди ўз сайтига эга кишилар ундаги статистик маълумотларни “яширин ҳолат”га ўтказиб қўйишлари мумкин. Бундан ташқари, хост ва хитларни ҳисоблашда ҳам бошқача усул қўлланилади. Яъни бундан буён сайтга ташриф буюрувчилар ва кўришлар сони инобатга олинади. Муайян сайтга битта интернет провайдеридан бир нечта фойдаланувчилар кирса, улар тизимда алоҳида қайд этилади.
“Кириш ва чиқиш саҳифалари ҳисоботи” хизмати эса домен маъмурига интернет фойдаланувчи қайси саҳифани тез-тез ўқиётгани ёки қайси саҳифани тарк этаётгани ҳақида маълумот беради. “Ҳисобот фильтри”дан исталган даврга оид статистик кўрсаткичлар билан танишиб бориш мумкин. Шу билан бирга, сайтлар рейтингини кун, ҳафта ва ой бўйича ҳам кузатиш имконияти мавжуд.

Мурожаат қилиш осонлашди
Тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имконият ва қулайликлар яратиш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан янги “Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали менежмент тизимини сертификатлаштириш учун ариза юбориш ва сертификат олиш” хизмати ишга туширилди.
Бу хизматнинг афзаллиги шундаки, фойдаланувчи Ягона порталда рўйхатдан ўтиб, менежмент тизимини сертификатлаштириш бўйича ташкилот — “Ўзстандарт” агентлигининг Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий тадқиқот институтига ариза юбориши ҳамда сертификат олиши мумкин.
Менежмент тизими сертификатини олиш жараёни икки босқичдан иборат. Дастлабки босқичда ариза берувчи электрон шаклдаги аризани тўлдиради ва уч кун ичида тегишли шартнома лойиҳасини олади. Навбатдаги босқичда эса ариза берувчи имзоланган шартномага асосан, тўловни амалга ошириши билан бирга, менежмент тизимини сертификатлаштириш органи томонидан аудит ўтказилганидан сўнг сертификатни ҳам қўлга киритади.

Элбек ДОЛИМОВ,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Академик Абатбай Даулетов »