Юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз
  • 08 Апрель 2015

Юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз

Мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришлар, айниқса, иқтисодиётимизнинг ривожланиш кўрсаткичлари ҳар биримизга алоҳида қувонч бағишлайди. Эътибор қилинг-а, сўнгги 10 йил давомида, ҳатто жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози энг юқори чўққига чиққан пайтларда ҳам республикамизда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 8 фоиздан зиёдни ташкил этди.

Жорий йилда ҳам ана шундай юксак ўсиш суръатлари кўзда тутилаяпти. Бу жаҳонда “ўзбек модели” деб ном олган миллий тараққиёт йўлимиз нақар пухта ва ишончли эканлигининг яққол тасдиғидир. Фахрланарли жиҳати, Ўзбекистонимиз қўлга киритаётган ушбу муваффақиятларга бугун кўпчилик ҳавас билан боқмоқда.
Албатта, ҳеч бир маррага осонликча эришиб бўлмаслигини, рақамлар замирида тинимсиз меҳнат ва изланиш ётганини биз, ёшлар теран ҳис қиламиз. Ўз навбатида, ислоҳотлар жараёнида ёшлар манфаатини таъминлашга устувор вазифалардан бири сифатида аҳамият қаратилаётганини ҳам ўз ҳаётимиз мисолида кўриб, билиб турибмиз. Бинобарин, Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш, транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттиришни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш натижасида ўтган йили юртимизда 1 миллионга яқин иш ўрни ташкил қилинди. Энг муҳими, таълим муассасаларининг 600 мингдан зиёд битирувчиси иш билан таъминланди. Бу ҳар биримизда эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлайди, жамиятда муносиб ўрнимизни топишимиз мумкинлигини англатади.
Энди бир тасаввур қилиб кўринг. Бугун дунёда, айниқса, глобал молиявий инқироз таъсирида иқтисодиёти издан чиққан кўплаб ривожланган давлатларда қанчадан-қанча йигит-қиз ишсизликдан азият чекмоқда? Аниқки, уларнинг сони миллионларни ташкил этади. Психологлар бунинг катта ижтимоий хавфи мавжудлигини бот-бот таъкидлашаётир. Чунки ҳаётда ўз ўрнини топиш илинжида интилаётган ёшлар кутганидек рағбат кўрмаса, эътиборсиз қолдирилса, жумладан, ишга жойлаша олмаса, бора-бора умиди сўниб, руҳий тушкунликка тушиши мумкин. Натижада ўзини жамиятга керак эмасдек ҳис қилади. Бу билан орзу-ҳавасларидан мосуво бўлади.
Ана шулар бизни тўғри хулоса чиқаришга, яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, жамиятимиз равнақи, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.
Биз, бўлажак иқтисодчилар юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид ҳар бир дастур ва режаларни катта қизиқиш билан кузатамиз. Айтайлик, жорий йилда капитал қўйилмалар ҳажми 15 миллиард 960 миллион АҚШ долларини ёки 2014 йилдагига нисбатан 110,1 фоизни ташкил этиши кўзда тутилган. Ушбу маблағларнинг 74,5 фоизга яқини ишлаб чиқариш объектлари қурилишига, 43,1 фоизи асбоб-ускуналар сотиб олишга йўналтирилади. Чет эл инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард доллардан ошиб, уларнинг умумий капитал қўйилмалар ҳажмидаги улуши 22,1 фоизни ташкил этади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши эса 11,2 фоиз кўпаяди. Ўз-ўзидан аёнки, яна янгидан-янги иш ўринлари очилади, минглаб йигит-қизлар меҳнат фаолиятини бошлайди, шу орқали жамиятда ўрнини топади.
Биз келгусида қайси соҳада иш юритмайлик, билимларимизга таянган ҳолда ташаббус кўрсатишимиз, илғор ғоя ва таклифларни илгари суришимиз, бошқача айтганда, дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз айни муддаодир. Айтайлик, хусусий тадбиркор ёки кичик корхона асосчиси сифатида ўзимизни намоён этмоқчи эканмиз, бугунги бозор шароитини, талабни ҳар томонлама ўрганишимиз табиий. Мисол учун, юртимизда кенг миқёсда ишлаб чиқарилмайдиган ёки умуман ҳали тайёрлаш йўлга қўйилмаган бирор бир маҳсулот турини ўзлаштиришимиз бизнес лойиҳамиз муваффақиятини кафолатлайди. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан тайёрланадиган маҳсулотлар тури кўпайишига хизмат қилади. Пировардида Ватанимиз равнақига муносиб улуш бўлиб қўшилади.
Бугун Ўзбекистон жадал ривожланаётган, саноати тараққий этаётган замонавий давлат сифатида тилга олинмоқда. Биз, ёшлар, мустақиллик фарзандлари ана шу салоҳиятни янада юксалтириш йўлида қатъият, шижоат билан бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.

Зафар ҲАСАНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn