«Соғлом она — соғлом авлод гарови»
  • 08 Апрель 2015

«Соғлом она — соғлом авлод гарови»

Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, бунинг учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, қисқача айтганда, опа-сингилларимизнинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Зеро, аёлни улуғлаш — оилани, Ватанни, ҳаётни улуғлашдир. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ бугунги кун аёли нафақат оила бекаси, шу билан бирга, жамиятнинг фаол аъзоси: депутат, фермер, тадбиркор, раҳбар. Яъни ҳар бир соҳада хотин-қизлар фидойилик билан меҳнат қилишаяпти.
Бўстонлиқ туманидаги “Оқтош” санаторийсида  “Соғлом она — соғлом авлод гарови” шиори остида бўлиб ўтган спорт фестивали ҳам хотин-қизлар ўртасида жисмоний тарбияга бўлган қизиқишни ошириш, уларни ижтимоий-иқтисодий, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётидаги фаоллигини янада кучайтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва пировардида баркамол авлодни тарбиялаш каби мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, унинг тасарруфидаги “Касаба — сайр” шўъба корхонаси ва Санатор-курортлар бошқармаси, Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашлари ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда ҳудудлардан ташриф буюрган 140 нафар хотин-қиз спорт турлари ҳамда маданият йўналишларида баҳcлашди.
— Аёллар спорт фестивали нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев. — Масалан, ўтган йили унинг саралаш босқичларида 1500 нафарга яқин аёллар қатнашган бўлса, бу йил иштирокчилар сони 3500 нафардан ошди. Опа-сингилларимиз спортнинг волейбол, кўп кураш, шахмат ва шашка турларида ўз маҳоратларини намойиш этишди. Ўтган йилдан бошлаб уюштирилиб келинаётган спорт фестивали доирасида маданий тадбир ўтказиш ҳам анъанага айланди. Жорий йил учун Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан “Бувижоним алласи” мавзуи танлаб олинди. Унда иштирокчилар алланинг ҳудудларга хос жиҳатларини саҳна кўринишлари, куй ва тароналар орқали намойиш қилди. 
— Фестивалнинг “Бувижоним алласи” баҳсида ғолиб бўлдик, — дейди Андижон жамоаси аъзоси Зуҳра Мамажонова. — Вилоятимизда алланинг ўзига хос қирралари шаклланган. Саҳнада шуни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Умуман, спорт баҳсларида қатнашиб, жисмоний тарбияга бўлган қизиқишим янада юксалди. Шунингдек, тоққа қилинган саёҳат ёдимизда қолди. Айни чоғда турли маданий кечаларда иштирок этдик. Хуллас, мароқли ҳордиқ чиқардик.
Спорт фестивали доирасида ўтказилган шахмат мусобақасида пойтахтлик, шашка бўйича бухоролик, кўп курашда самарқандлик, волейбол баҳсларида навоийлик аёллар муваффақият қозонди. Умумжамоа ҳисобида самарқандликлар биринчи бўлди.
— Инсон ҳаётида бундай тадбирларнинг аҳамияти жуда катта, — дейди самарқандлик Нодира Раҳимбердиева. — Бу ерда спорт баҳсларида қатнашиш баробарида, маданий тадбирлардан баҳраманд бўлдик. Мароқли дам олишимиз учун яратилган шарт-шароитлар ҳам барчамизда илиқ таассурот қолдирди. Уч кун давомида санаторий кутубхонаси, кинозал, тренажёр хонаси, фитобар, физиотерапиядан унумли фойдаландик. Шунингдек, кенгайтирилган тиббий кўрикдан ўтдик. Буларнинг барчаси учун ташкилотчилардан миннатдормиз.
Фестиваль якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn