Энг яхши назорат инспекторлари тақдирланди
  • 07 Апрель 2015

Энг яхши назорат инспекторлари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасида “Давлат ёнғин назоратининг энг яхши инспектори” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, ушбу танлов тизим ходимларининг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида, қолаверса, аҳоли тураржойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бу борада тўпланган илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга қаратилган.
Белгиланган шартларга кўра, иштирокчилар Миробод туманидаги “Pallada Invеstment” шўъба корхонасида ўқув ёнғин-техник текширувини ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида асосли тавсиялар бериш ва тегишли ҳужжатлар тузиш борасида ўзаро баҳс олиб борди. Шунингдек, уларнинг касбий билимлари тест синовлари бўйича баҳоланди. Танлов қатнашчилари тақдим қилган ишлар ҳам ўрганиб чиқилди.
Якунда Сирдарё вилояти Ховос тумани ИИБ ЁХБ инспектори, сержант Нурали Алиев биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринлар эса Юнусобод тумани ИИБ ЁХБ катта инспектори, сержант Дилшод Умаров, Ғиждувон тумани ИИБ ЁХБ катта инспектори, сержант Илҳомжон Нўъмонов ҳамда Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ИИБ ЁХБ инспектори, сержант Фазлиддин Аҳмедовга насиб этди.
— Бу тадбир менда катта таассурот қолдирди, — дейди танлов ғолиби Н. Алиев. — Негаки, биз бу ерда нафақат соҳамиз бўйича тўплаган билимимизни намойиш этдик, айни чоғда ҳамкасбларимизнинг илғор тажрибаларини ҳам ўрганиш имконига эга бўлдик. Албатта, бу келгуси фаолиятимизда қўл келиши, шубҳасиз.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn