Ёшлар учун кенг имконият
  • 03 Апрель 2015

Ёшлар учун кенг имконият

Юртимизда иқтидорли йигит-қизлар кўп. Улар билан суҳбатлашиш жараёнида дунёқараши кенглиги, ўткир нигоҳи, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга бўлган хоҳиш ва интилиши кучлилигини кўриб, қалбимизда ўзгача ғурур ҳамда ифтихор ҳислари жўш уради. 
Сабаби, истиқлол йилларида мамлакатимизда келажагимиз ворисларининг камоли йўлида беқиёс ишлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида, ёшларнинг нафақат билим эгаллаши, балки мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Кеча Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида бошланган “Таълим ва мутахассислик — 2015” XII халқаро кўргазмаси ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда ёш авлоднинг баркамол вояга етиши учун барча шарт-шароит яратиб берилгани алоҳида таъкидланди. Зеро, таълим тизимини такомиллаштириш Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Бундан кўзланган пировард мақсад эса эртамиз эгаларини Ватанга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдир.
Тадбирда асосий эътибор ёшларни юртимиз ҳамда хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида мавжуд мутахассисликлар билан яқиндан таништириш, таълим соҳасида эришилган ютуқларни кенг тарғиб қилиш, шунингдек, йигит-қизларга бўш иш ўринлари тўғрисида маълумот бериш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, ўтган йилларда кўргазмага ташриф буюрган иштирокчиларнинг 25 фоизи айни шу тадбир туфайли ўзларини қизиқтирган олий ўқув юртлари ва келгусида эгаллайдиган мутахассисликларини танлаш имконига эга бўлган. Бундан ташқари, кўргазмада таклиф қилинаётган бўш иш ўринлари ярмаркасида икки -мингдан зиёд ёшлар доимий иш билан таъминлангани ҳам қувонарлидир.
Икки йўналишда ўтказилаётган кўргазмада Ўзбекистон, Сингапур, АҚШ, Польша, Буюк Британия, Хитой, Корея Республикаси каби қатор давлатларнинг олтмишдан зиёд етакчи олий ўқув муассасалари ва тил марказлари вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, иш берувчи ташкилотлар орасида юртимиздаги кўплаб мобиль алоқа компаниялари, турли ишлаб чиқариш корхоналари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Тошкент шаҳридаги бандликка кўмаклашиш марказлари қатнашаётир.
— Бизга шундай имкониятлар яратиб берилаётганидан жуда хурсандмиз, — дейди пойтахтлик Нурали Бекқулов. — Мени бир мобиль алоқа компанияси ва ишлаб чиқариш корхонаси суҳбатга чақирди. Тез орада муқим иш жойига эга бўлишимга ишонаман.
...Ёшлар ижод саройининг иккинчи қаватидамиз. Бу ерда юртимиздаги етакчи олий ўқув юртлари, хорижий таълим муассасалари ҳақидаги тақдимотлар намойиш этилаётир. Билимга чанқоқ йигит-қизларимиз эса хорижликлар билан инглиз, хитой, корейс ва яна бошқа чет тилларида бемалол суҳбатлашаяпти. Ёшларга ўз олий таълим муассасаси ҳақида маълумот бераётган меҳмонни суҳбатга тортдик.
— Мазкур халқаро кўргазмада биринчи марта иштирок этаяпмиз, — дейди Хитойнинг Ланьчжоу транспорт университетининг дастурлаш бўйича ходими Ли Мин. — Ўзбекистонлик ёшларни таълим масканимизнинг бакалавр, магистратура ҳамда докторантура йўналишларига таклиф қилаяпмиз. Университетимиз аниқ фанлар бўйича мутахассислар, муҳандислар, иқтисодчилар ҳамда менежмент соҳаси вакилларини тайёрлашда катта тажрибага эга.  
“Таълим ва мутахассислик — 2015” кўргазмасида илк бор қатнашаётган олий ўқув юртлари орасида Тошкент шаҳридаги Инха университети ҳам бор. Айтиш жоизки, 2014 йил 24 мартда қабул қилинган “Тошкент шаҳрида Инха университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорга асосан, пойтахтимизда унинг филиали очилгани ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун кадрлар тайёрлашда муҳим қадам бўлди.
— Ушбу тадбирда ёшларнинг олий таълим муассасамиз фаолияти ҳақида янада тўлиқ маълумотга эга бўлишлари учун махсус акция ўтказаяпмиз, — дейди мазкур таълим даргоҳи проректори Нурилла Маҳаматов. — Ҳозирги кунда университетимизнинг компьютер инжиниринги ва дастурий инжиниринг факультетида бакалавриат йўналишларида юз нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Ўқиш давомийлиги тўрт йил бўлиб, битирувчиларга Инха университети (Корея Республикаси)нинг белгиланган намунадаги, Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат, деб тан олинадиган дипломи берилади.
Уч кун давом этадиган кўргазма доирасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати -томонидан йигит-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бу соҳа бўйича кўникмаларини шакллантиришга оид фильмлар ҳам намойиш қилинмоқда.
Ташкилотчиларнинг айтишича, кўргазмада қарийб 20 минг нафар йигит-қиз қатнашиши кўзда тутилган. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларининг ўқувчиларидан иборат экани эътиборга молик. Нега деганда, ушбу тадбир битирувчилар учун танлаган соҳалари бўйича ишга жойлашиш ва олий ўқув юртлари ҳақида етарли маълумот олишда ахборот бозори вазифасини ўтайди. Зеро, кўргазма доирасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари, олий таълим муассасаларининг тақдимот маросимлари, маҳорат дарслари, шунингдек, турли мавзудаги семинар ва танловлар ўтказилиши режалаштирилган.
Халқаро кўргазма 4 апрелгача давом этади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn