Тинчлик ва осойишталик — устувор мақсад
  • 03 Апрель 2015

Тинчлик ва осойишталик — устувор мақсад

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокуратура, Адлия ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Божхона ҳамда Солиқ қўмиталари, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда истиқлол йилларида барча соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Ушбу муваффақиятларнинг асосий омили бўлган тинчлик ва осойишталикни сақлашда ички ишлар органлари муҳим аҳамият касб этаётир. Шу боис тизимни ислоҳ қилиш, уни илғор технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келинаяпти. Хусусан, 2001 йил март ойидаги Фармонга мувофиқ, ички ишлар идораларининг жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, патруль-пост, жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари фаолияти замон талаблари асосида такомиллаштирилди.
Жиноятчиликка қарши курашда профилактика таъсирини кучайтириш, кадрлар билан ишлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши бу борада алоҳида ўрин тутди. Пировардида ҳозирги пайтда терроризм, диний экстремизм, трансчегаравий жиноятлар, уюшган жиноятчиликка қарши самарали кураш олиб борилмоқда. Жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян натижаларга эришилаётир.
Тадбирда жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизликни таъминлашнинг назарий-ҳуқуқий жиҳатлари, ушбу йўналишда ички ишлар органлари соҳавий хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Қизғин руҳда ўтган конференцияда ички ишлар органларининг патруль-пост, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада ривожлантириш, ушбу соҳаларга доир айрим қонун ҳужжатларини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn