Юксак маънавият ва маданий етуклик намунаси
  • 03 Апрель 2015

Юксак маънавият ва маданий етуклик намунаси

Ёши улуғ инсонларнинг оила ва жамиятда алоҳида ўрни бор. Уларнинг бой ҳаётий тажрибаси, ибратли умр йўли ҳамиша ёшлар учун намуна бўлиб келган. Зеро, бугун давраларнинг тўридан жой олиб, ҳар бир эзгу ишнинг бошида турган, панду насиҳатлари билан барчамизни тўғри йўлга етаклаётган, оиламизнинг файзи бўлган кекса авлод вакиллари жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлашга, асл қадриятларимизнинг бардавомлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ўз навбатида, қарияларни қадрлаш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишдек хал-қимизга хос бебаҳо фазилатлар мустақиллик йилларида янада ёрқин намоён бўлиб, мазмун-моҳиятан бойиб бораётир.
Бугун жаҳон ҳамжамияти эътироф этаётган тараққиётнинг “ўзбек модели”да  аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу борада мустаҳкам ҳуқуқий базага асосланган самарали тизимни шакллантириш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Хусусан, 2007 йилда қабул қилинган “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон, 2011 йилда имзоланган “2011 — 2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ижтимоий соҳани такомиллаштиришга доир аниқ йўналиш ҳамда вазифалар белгилаб берилган. Мазкур ҳужжатлар пенсия ёшидаги фуқароларнинг, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг фаровон турмуш кечиришини  таъминлаш, бошқача айтганда, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун зарур шарт-шароитларни яратишда дастуриламал бўлаяпти.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Бухоро вилоятида ҳам манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирлари изчил амалга оширилмоқда. Кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш, санаторий-сиҳатгоҳларда даволанишини кафолатлаш ва ижтимоий-маиший кўмаклашиш юзасидан давлат органлари ҳамда нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар қамрови тобора кенгаймоқда. Чунончи, ҳар йили Наврўз айёми, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик байрами каби муҳим саналар муносабати билан нуроний отахон ва онахонларнинг хонадонига ташриф буюриб, совға-саломлар улашиш яхши анъанага айланди. Айниқса, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, маънавий-руҳий суянч бўлишга қаратилган саъй-ҳаракатлар эътиборлидир. Бунда шаҳар ва туманларимиздаги бандликка кўмаклашиш ва аҳолини -ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорлиги айни муддао бўлаётир.
Бугунги кунда ўқувчи-ёшларимиз ёлғиз кексаларнинг уйларига ҳафтада икки-уч маротаба бориб, рўзғор юмушларини бажариш, экин экиш, тегишли дорихоналардан, шифокор кўрсатмасига биноан, бепул дори-дармон воситаларини келтириб бериш каби хайрли ишларда фаоллик кўрсатаётган бўлса, жойлардаги бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари ходимлари ушбу тоифадаги фуқароларимизнинг уй-жойларини ҳомий ташкилотлар маблағи ҳисобидан таъмирлаб бериб, ҳар томонлама қулайликларни яратишга ҳаракат қилмоқда. Бирламчи тиббий муассасалар ходимлари эса ўз ҳудудида яшовчи кексаларнинг саломатлигини доимий назоратга олиб, сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Ҳар йили вилоятимизда ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам вакиллари — 60 нафаргача кексалар, пенсионер ва ногиронларнинг тураржойлари таъмирлаб берилаётгани, 2 мингдан зиёд уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсио-нер, ногиронлар эса Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги сиҳатгоҳларда саломатлигини тиклаётгани юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмаслигини яна бир карра тасдиқлайди.
2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва 2015 йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши ушбу йўналишда янги ташаббусларни бошлаб берди. Мазкур Фармон ҳамда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ, вилоятимизда яшаётган 3 минг 328 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари тиббиёт бирлашмалари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, амбулатория ва стационар шароитда даволанмоқда. Қолаверса, уларга март ойидан бошлаб бепул сиҳатгоҳ йўлланмалари ажратилаётир. Шу билан бирга, жорий йилда 500 нафар эҳтиёжманд фуқароларимизнинг, айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож кексаларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш, “Кексалар дуосини олайлик” акцияси доирасида уларни зарур мебель ва уй жиҳозлари, кийим-кечак, бадиий адабиёт, стол ўйинлари тўпламлари билан таъминлаш назарда тутилмоқда. Бу каби тадбирлар ёши улуғ инсонларнинг ҳаётини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган юрт-дошларимизга ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш мақсадларига қаратилган. Энг муҳими, ана шундай эзгу ишлар таъсирида ёшларимиз нуронийларга эҳтиром кўрсатишдек улуғ ва савоб ишга интилмоқда. Ўлмас қадрият ва анъаналаримиз давом этмоқда.

Хайрулло ЖЎРАЕВ,
Бухоро вилояти меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза
қилиш бош бошқармаси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn