Ташаббусдан яшнаган боғлар
  • 03 Апрель 2015

Ташаббусдан яшнаган боғлар

Фермер бугун ташаббус кўрсатиб, янгиликка интилиб яшаса, кўзлаган мақсадига эришади. Зеро, бу муваффақиятлар гаровидир. Қувонарлиси, кейинги йилларда юртимизда ана шундай илғор мулкдорлар сафи тобора кенгаймоқда. Уларнинг фидокорона меҳнатлари боис, дастурхонимиз баракали бўлиб, иқтисодиётимиз барқарор ривожланаяпти.

Сариосиёлик Носирхон ота Тўрақулов ҳам ташаббускор, ишнинг кўзини биладиган фермерлардан. У раҳбарлик қилаётган “Боғу бўстон” фермер хўжалиги жамоасининг қиру адирликдан иборат қаровсиз ерда барпо этган боғ-роғларини бугун мўъжизага менгзаш мумкин.
Айтиш керакки, Носирхон ота  асли тажрибали боғбон. У фермер хўжалигини ташкил этишда айнан қақраб ётган тошлоқ ерни танлади. Сув чиқмайдиган адирларни ўзига хос тажриба майдонига айлантирди. Кўчатларни қадашдан бир йил олдин хандақлар қаздириб, уни қишнинг қор ва кўкламнинг ёмғири сувларига тўйинтирди. Яхши етилган ерга энг сара навли кўчатлар ўтқазди. Ниҳоллар бехато ундирилди. Ёзнинг чилласида сув ташиб, уларни томчилатиб суғорди.
Ҳозир мазкур фермер хўжалиги тасарруфидаги 45 гектарлик олмазор оппоқ гулга бурканган. Яқинда барпо этилган 1,5 гектар майдондаги бодомзор эса дастлабки ҳосил нишоналарини кўрсатди. Узоқ йиллик изланиш ва тинимсиз меҳнат бугун ўз самараларини бермоқда. Ҳар мавсумда боғдан 120 тоннагача ҳосил йиғиштириб олинаётир. Даромад ҳам шунга яраша — салмоғи баланд. Ўтган йили жамоа 195 миллион сўмдан зиёд фойда олди.
Эътиборли жиҳати, Носирхон ота даромадини хайрли ишларга сарфламоқда. Хусусан, боғбон ҳиммати билан тумандаги Зарчоб қишлоғидан оқиб ўтувчи Тўполанг дарёси устида узунлиги 33 метрлик темир-бетон кўприк бунёд этилди. Тоқчи қишлоғида 120 ўринли мактаб қурилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Отахон билан суҳбатлашсангиз, дилингиз яйрайди.
— Ўз меҳнатинг билан шу юрт равнақига ҳисса қўшишдан, эл корига ярашдан ҳам ортиқроқ бахт борми дунёда?! — дейди боғбон. — Аслида, умрнинг мазмуни ҳам шу-да! Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон, аввало, шундай гўзал Ватани билан фахрланиши керак. Мустақиллик берган имкониятларга шукрона айтамиз.
Айтганча, Носирхон отанинг мўъжазгина кутубхонаси бор. Бу ердан энг ноёб китобларни топишингиз мумкин.
Юртимизда меҳнат қилган, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган киши борки, доимо -эътироф этилиб, муносиб рағбатлантирилади. Носирхон Тўрақулов 2003 йилда “Шуҳрат” медали билан, “Ташаббус — 2011” кўрик-танловида эса Президент соврини — “Спарк” -автомашинаси билан тақдирланди. Дарҳақиқат, узоқ йиллик ҳалол меҳнат ва интилиш беиз кетмайди.

Нормурод ТЕМИРОВ,
Шомурот ШАРАПОВ (сурат)
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn