Деҳқоннинг беминнат кўмакчиси
  • 02 Апрель 2015

Деҳқоннинг беминнат кўмакчиси

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ислоҳ этилиб, соҳада замонавий агротехнологиялар ва интенсив усуллар изчил қўлланаётгани туфайли самарадорлик йил сайин ошиб бораяпти. Кейинги йилларда экинлардан мўл-кўл ҳосил олинаётгани, бозорларимиз турли ноз-неъматлар билан тўлдирилаётгани, пировардида, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланаётгани шундай дейишимизга асос бўла олади.

Дарҳақиқат, юртимиз бозорларида баҳорнинг айни “илигузилди” палласида ҳам сархил мева-сабзавотлар сероб, нархи эса арзон. Бу деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолияти қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг меҳнат қилишлари учун қулай шарт-шароитлар муҳайё этилгани натижасидир. Эндиликда улар учун яна бир қулайлик яратилди. Деҳқон ва фермер хўжаликлари, томорқачиларга яқиндан кўмак берадиган янги тузилма — агрофирмалар ташкил этилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида бугунги кунга қадар 138 та агрофирма тузилди.
Ушбу тузилманинг фаолият кўлами ниҳоятда кенг бўлиб, асосий мақсади қишлоқ хўжалиги корхоналари ва аҳолига хизмат кўрсатиш, етиштирилган маҳсулотларни қайта -ишлаш ва уни экспорт қилишда яқиндан ёрдам беришдир.
— Бугунги кунда жойларда агрофирмаларнинг мазмун-моҳияти ва унинг хизматидан қандай фойдаланиш ҳақида соҳа мутахассислари, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, фахрийлар томонидан кенг тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, — дейди аҳолининг шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳамда шаҳар ва туманларда агрофирмаларни ташкил этиш бўйича вилоят штаби ишчи гуруҳи аъзоси Шодиёр Тўқсонов. — Қувонарлиси, агрофирмалар деҳқонларга техник ва юридик хизматлар кўрсатиш билангина чегараланиб қолмайди, балки савдо-ярмаркалари, кўргазма ва конференциялар ўтказиш, турли ўқув курслари ташкил қилиш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтиришга яқиндан кўмаклашади.
Вилоятда очилган агрофирмалар аллақачон ташкилий ишларни бошлаб юборган. Улар томонидан фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек, томорқачиларга сабзавот ва полиз экинлари уруғлари, мевали дарахт кўчатлари, чорва моллари етказиб бериш учун 2 миллиард
871 миллион сўмлик шартномалар имзоланди. Айни чоғда тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан аҳолига уруғлик харид қилиш учун 30,1 миллиард сўмлик, чорва моллари сотиб олиш учун 20,6 миллиард сўмлик мақсадли кредитлар йўналтириш дастури ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, томорқалардан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини тўғри жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки вилоятда шахсий томорқаларнинг умумий майдони 90 минг гектарни ташкил этади. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ҳали ишга солинмаган имкониятлар катталигидан далолатдир.
Таъкидлаш керакки, агрофирмаларнинг ҳар бирида сервис хизмати кўрсатадиган ягона марказ барпо этиш баробарида, жами 350 га яқин қайта ишлаш миницехлари очилиши кўзда тутилган. Бунинг эвазига коллежларни битирган 7 мингга яқин ёшлар доимий иш билан таъминланади.
Агрофирмалар қишлоқ хўжалиги ходимларига ишончли шерик, беминнат кўмакчига айланади. Бу эса, аввало, шахсий томорқа эгаларига ердан унумли фойдаланишда кенг имкониятлар эшигини очади.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn